134,71 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган

12:00 - 08.05.2021

10

Бухоро вилоятида сувни тежовчи технологияларни жорий этишнинг аҳамияти катта. Шу мақсадда 809 та ҳовуз қазилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 453 та ҳовуз қазилди. Чорвачилик лойиҳаларининг ижроси ҳам прокуратура органларининг алоҳида назоратида. Бугунги кунга қадар 2021 йилда ишга туширилиши белгиланган 34 та лойиҳа учун 68 млрд. 215 млн. сўм кредит ажратилиши чорвачилик ривожланишига хизмат қилади.

Қишлоқ хўжалигига оид 182 та лойиҳанинг 94 тасига 358 млрд. 814 млн. сўм кредит ажратилиб, бугунга қадар 2 та корхона ишга туширилди. Уларда 12 та иш ўрни яратилди. Шу ўринда аграр секторда ер катта ўрин тутишини таъкидлаш керак. Ундан қонунга хилоф тарзда фойдаланиш жавобгарликни келтириб чиқаради. Ушбу йўналишдаги назорат тадбирларида шу кунга қадар 554 та ҳолатда 134,71 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 101,67 гектар ерда ноқонуний қурилиш қилингани аниқланди. Кўрилган чоралар натижасида 147,1 гектар ер қайтарилиб, 18,85 гектардаги ноқонуний қурилишлар бартараф қилинди.

2021 йилнинг ўтган даврида Жондор тумани ҳокимининг 74 та, Шофиркон тумани ҳокимининг 25 та, Қоровулбозор тумани ҳокимининг
3 та, Вобкент, Ғиждувон, Пешку тумани ҳокимларининг 2 тадан, Бухоро ва Ромитан тумани ҳокимларининг эса 1 тадан қонунга зид қарорига протест келтирилди.

Ерни талон-торож қилиш билан боғлиқ 7 та жиноят иши қўзғатилди. Жумладан, С.Ҳалимов Бухоро тумани Буркут қишлоғидаги 10 сотих бўш ерни бериш учун Ф.Ҳожиевдан 23500 АҚШ долларини олаётган вақтда ушланди. Шунингдек, Ж.Усмонов акаси О.Усмоновнинг 6 сотих томорқасини О.Рустамовга 15 минг долларга сотган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинди.