Уруш қатнашчилари эъзоз ва эътиромда

16:00 - 07.05.2021

15

Ўзбекистонда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати улуғланади.

Орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида машаққат чекканлар бор. Бугунги озод, фаровон ҳаётимиз учун улар олдида таъзимдамиз.

Президентимизнинг 20 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини рағбатлантириш мақсадида уларга 12 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти тақдим этилиши, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Молия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ушбу мукофотни тантанали топширишлари белгиланди.

Шунингдек Президентимизнинг шу кунги фармони билан 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш дастури тасдиқланди.

Бу йил тадбирлар «Хотира бор экан – миллат барҳаёт», «Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч» шиорлари остида бўлиб ўтади.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси органлари томонидан Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, моддий, тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга уларнинг хонадонларини обод қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Қарши ҳарбий прокуратураси ходимлари Шаҳрисабз туманида яшовчи, «Жасорат» ва «Шуҳрат» медали соҳиблари бўлган 106 ёшли Шоди бобо Ғуломов, 101 ёшли Саъдулла ота Жабборов, 99 ёшли Ғаффор ота Сатторов, 96 ёшли Воҳид ота Қаюмов, 95 ёшли Омон ота Бобоев ва 94 ёшли Жўра ота Раҳмоновларнинг хонадонига бориб, уларни яқинлашиб келаётган байрам қутлаб, совға-саломлар улашди. Уларнинг ҳар бири тиббий кўрикдан ўтказилди.

Андижон ҳарбий прокуратураси ходимлари ҳам Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Олтинкўл туманида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 97 ёшли Хўжамберди ота Турғуновнинг хонадонига боришди. Тадбирларда ҳарбий оркестр жамоаси ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқларни ижро этди.

Самарқанд ҳарбий прокуратураси ходимлари эса Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1925 йилда туғилган Михаил Калмогоровнинг ҳолидан хабар олишди. Суҳбат давомида Михаил бобо уруш хотираларини ёдга олиб, урушнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида сўзлаб, тинчлик бебаҳо неъматлигини, барчамиз унинг қадрига етишимиз лозимлигини таъкидлади. Бундай хайрли ишлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.