Яроқсиз уйда болалар билан…

14:30 - 07.05.2021

13

Халқимизда «уйи борнинг тўйи бор» деган гап бежиз айтилмаган. Албатта, уйли оила тотув ва бахтли ҳаёт кечиради. Шу боис юртимизда уйга муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш борасида жадал иш олиб борилмоқда.

Бундай вазиятда қурилиш корхоналаридан юксак масъулият талаб этилади. Аммо айрим қурувчиларнинг ўз ишини сифатсиз бажариши аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Қашқадарё вилояти Муборак туманида яшовчи Б.Р. ҳам кўпчилик қатори эзгу ният билан «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖга намунали лойиҳа асосида уй қуриб бериш учун буюртма берган. Уйни бекаму кўст қуриб топшириш мажбуриятини олган «Улкан иншоот қурилиш сервис» корхонаси ишига масъулият билан ёндашмасдан, Б.Р.га яшаш учун яроқсиз бўлган уйни топширган.

Бундан норози бўлган Б.Р.нинг уйни лойиҳа асосида қайта қуриб бериш ҳақидаги илтимоси узоқ вақт мобайнида қурилишни назорат қилувчи ташкилот ва қурилиш корхонаси томонидан инобатга олинмаган. Шу масалада фуқаролик ишлари бўйича судга берган аризаси эса даъво муддати ўтгани асос қилиниб, рад этиб келинган.

Оқибатда Б.Р. уй қуриш учун қурилиш корхонасига тўлаб берилган кредитни ойма-ой тўлаб, бошқа бошпанаси йўқлиги сабабли мутахассислар томонидан яроқсиз деб топилган уйда икки фарзанди билан яшаб келган.

Б.Р.нинг ушбу ҳолатдан норози бўлиб ёзган аризаси Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, суд қарорларига нисбатан протест келтирилди ва Олий суднинг 2021 йил 9 апрелдаги ажрими билан даъво қаноатлантирилди. Суд ажримига асосан уйни намунали лойиҳа асосида қайта қуриб беришни таъминлаш мажбурияти қурилишни назорат қилувчи ташкилот зиммасига юклатилди. Шу тариқа оилани ташвишга солиб келган масала ўз ечимини топди.