Саломатлик ва дўстлик мусобақалари

12:00 - 07.05.2021

15

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 55-60 фоизи турмуш тарзига, 18 фоизи ирсиятга, 17 фоизи атроф муҳит тозалигига ва 10 фоизи тиббий ёрдамга боғлиқ. Қадимги Рим шоири Гораций «Агар соғлом пайтинг югуришни хоҳламасанг, касал бўлгач, югуришга мажбур бўласан» деган. Албатта, бу соғлом турмуш тарзига амал қилиш лозимлигига бир ишора.

Қашқадарё вилояти прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ва Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси жамоалари ҳам соғлом турмуш тарзига амал қилишни ўзлари учун шиор қилиб олишган. Шу мақсадда улар футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича мусобақа ўтказиб туришади.

2021 йилнинг 20-29 апрель кунлари юқорида қайд этилган жамоалар вилоят прокурорининг кубоги учун минифутбол бўйича ўтказилган мусобақада майдонга тушишди. Унда жами 20 та жамоа қатнашди.

Учинчи ўрин учун кечган ўйинда Қарши шаҳри ва Деҳқонобод тумани прокуратуралари спортчилари майдонга тушиб, деҳқонободликларнинг қўли баланд келди. Финалда «Маҳкама-1» ва «Маҳкама-2» жамоалари ўртасидаги муросасиз курашда биринчи жамоа футболчилари ғолиб чиқди. Турнир якунида вилоят прокурори Эркабай Таджиев ғолиб жамоага тантанали равишда кубокни топширди. Шунингдек, иккинчи ва учинчи ўринни олган жамоаларнинг барча аъзоларига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар берилди.