Тиши синса майли эди-я…

18:00 - 07.05.2021

16

Хонадон бекаси кенжа ўғлига молларга ем тайёрлашни буюрди-да, ўзи насосдан сув чиқаришга киришди. Учинчи челак энди тўлай деганда қулоқни кар қилар даражада янграган чинқириқдан чўчиб, жони товонига тушиб кетаёзди. Аввалига нима бўлганини англамади. Ошхона томондан ловуллаб ёнаётган келини ўзи томон югуриб келаётганини кўргач эса турган жойида қотди. Бироқ шу заҳоти ўзини қўлга олди, шоша-пиша челаклардаги сувни сепиб, оловни ўчирди. Амаллаб уйга олиб кирди, кийимларини алмаштирди. «Тез ёрдам» чақиришди ва келин шифохонага ётқизилди.

Бу хабар бир зумда қишлоққа ёйилди. Ҳамма ҳайрон. Келин эҳтиётсизлик оқибатида ёниб кетдими ё ўзига ўт қўйдими? Ўзини ёқиб юборган бўлса, бунга нима сабаб бўлди экан? Эшитган борки, воқеани муҳокама қилади, ҳар хил тахминларни айтади…

Нигоранинг умри қисқа экан. Куйганининг бешинчи куни жонлантириш бўлимидагилар ҳар қанча уринишмасин, ҳаётини сақлаб қололмадилар…

Қодир бобо етмиш ёшни қоралаб қолса-да, ёшига яраша тоат-ибодат қилиб, қарилик гаштини суриш ўрнига рўзғор тутиш масаласида кампири билан келинига дашном беришдан чарчамасди. Бахиллиги туфайли уйдаги ҳамманинг, ҳатто ногирон фарзандларининг нафақасини ҳам ўзи олади. Ҳеч кимга ишонмайди. Айниқса келин бўлмиш Нигорага қийин. Текинхўрликда айбланганидан ташқари, овқат маҳали қозонга солинадиган барча масаллиқлар бобонинг назоратидан ўтиши шарт. Ҳаммасини ҳисоблаб, ўлчаб солдиради. Овқатни кўп пишираётгани, тежамкор бўлиш кераклигини айтиб, дакки беради. Бир нима деса балога қолади.

Вақт ўтгани сайин қайнотанинг зуғумлари ҳам ортаверди. Нигора қайнотасининг кўзига иложи борича кўринмаслик учун ишга киришга ҳаракат қилиб ҳам кўрди. Аммо балога қолди. Энди бобо уни бузуқликда гумон қилиб, янада қўполлаша бошлади. Кўп ўтмай Нигоранинг қариндошлариникида бўладиган тўйлар у ёқда турсин, ҳатто ота уйига бориб келишига ҳам тақиқ қўйилди.

Ҳар нарсанинг чегараси бўлади. Нигора ортиқ чидолмай, бир-икки марта ота уйига кетиб қолди. Ҳар гал қайнота ва қайнонаси бориб, қайтариб олиб келишди.

Бироқ навбатдаги ҳақорат ҳаммасидан ошиб тушди. Бобо бу сафар келинига қўшиб ўғлини ҳам текинхўрликда айблай бошлади. Қайнота ҳе йўқ-бе йўқ келинига қулочкашлаб тушириб қолди. Тўполонда сезмаган экан, тиши синганини келин сўнг билди. Шу кеча Нигора ухламади ҳисоб. Синган тиши бўлса майли-я, дили қаттиқ оғриган эди бу сафар. Нимаям қила оларди, осмон узоқ, ер қаттиқ! Бир-икки ҳаммасига қўл силтаб, бирйўла қутулишни ҳам ўйлади. Аммо ногирон бўлса-да меҳрибон эрини, жонидан ҳам ортиқ кўрадиган гўдагини кўзи қиймади. Ўйлай-ўйлай, ич-ичидан йиғлаб тонг оттирди.

Эрталаб ҳеч нарса бўлмагандек уй юмушларига киришди. Эрига нонушта тайёрлади. Шу пайт пайдо бўлган бобо бу сафар ўғлини нишонга олди. Қўлидан иш келмаслиги-ю боқимандалигини айта туриб ногиронлигини юзига солди. Бу гапдан зумда ўғилнинг қадди букилди, пиёлани хонтахтага қўяр экан, мижжаларига ёш қалқди. Чуқур хўрсинди. Эрининг бир қараши билан нима демоқчилигини яхши биладиган Нигора учун буниси энди ортиқча эди. Чидай олмади, ўртага тушди. Энди қайнота оғзига келганини қайтармай, уни ҳақоратлашни бошлади…

Нигора тўсатдан жим бўлди. Индамай уйга кириб кетди. Хаёлига ярим тундаги фикрлар келиб, енгил тортгандек бўлди. Шунинг баробарида юраги увишди. Анчагача ўйланиб ўтирди. Охири бир қарорга келди. Эри ҳам, фарзанди ҳам кўзига кўринмади. Ошхонада елим идишдаги бензинни устига қуйди-да, гугурт чақди…

Қилғиликни қилиб қўйган бобо эса бу пайтда ҳамма нарсани унутиб, ёнбошлаганча мириқиб телевизор кўрарди…

* * *

Суд Қодир бобо Синдоровга қилмишига яраша жазо тайинлади. Бу билан нима ўзгаради? Йигит ёридан, ота-она суюкли фарзандидан айрилди, маъсума гўдак эса онасининг меҳридан бир умрга мосуво бўлди.