Бошқармада 84,6 млн. сўм талон-торож қилинган

12:00 - 06.05.2021

6

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 2021 йилнинг бошидан бери 4460 киши мурожаат қилган. Уларнинг 755 нафари доимий ишга жойлаштирилган, 1408 таси касбга тайёрлашга юборилган, 1814 нафари жамоат ишига жалб этилган. Ишсизларни кунлик иш билан таъминлаш мақсадида шаҳарда 8 та вақтинчалик иш билан таъминлаш маркази ишлаб турибди.

Шаҳар прокуратураси органлари ҳам бу хайрли ишларга ҳисса қўшмоқда, жумладан, улар томонидан 7 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиши туфайли 90 кишининг бандлигини таъминланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 августдаги 3913-қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Ишга марҳамат» мономаркази ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифаси ишсизларни қисқа муддатда меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, хорижий тил ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишдан иборат.

Мазкур соҳада ўтказилган текшириш натижасига кўра 94 та протест келтирилди, 6 та тақдимнома киритилди, 11 киши маъмурий жавобгарликка тортилди, натижада 151 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланди.

Апрель ойида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан шаҳар бандлик бош бошқармасида ўтказилган ўрганишда 84,6 млн. сўмлик бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.