“Нафсим икки минг деяпти, аммо инсоф керак…”

10:30 - 05.05.2021

9

Шофирконлик Н.Абдусатторова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида хомашё ва тайёр маҳсулотлар цехи маҳсулот кузатувчиси бўлиб ишлаб келарди. Аммо кўнгли бойлик орттириш, бекаму кўст яшашни тусаб қолди. Тўғри, ким ҳам яхши яшашни истамайди? Аммо ҳалол йўл билан топилган пулдагина барака борлигини, шоҳона яшаш учун шайтоний йўлдан юрмаслик кераклигини унутмаслик жоиз.

…Н.Абдусатторова бир куни таниши О.Аҳмадовни учратиб қолди. Салом-аликдан сўнг О.Аҳмадов жиянини ишга жойлаштириш ниятида эканини айтди. Аёлнинг эса «ўлжа ўз оёғи билан келди» дея юраги ўйнаб кетди.

– Менга қаранг, – деди аёл у ёқ-бу ёққа аланглаганча овозини пасайтириб. – Жиянингизни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ишга киритишга нима дейсиз?!

О.Аҳмадов «зўр бўларди» деб юборди.

– Унда мени яхшилаб эшитинг, шу корхонада ишлайман, биласиз. Озми-кўпми обрў орттирдим, худога шукур, бошлиқларга гапим ўтади. Бир оғиз айтаман, йўқ дейишмайди. Аммо катталар нақдини афзал билишади. Шунинг учун пича харажатидан қочмайсиз. Тушунган одамсиз-ку…

О.Аҳмадов тушунадиган одам экан, гапни чўзиб ўтирмасдан «Қанча?» деб сўради. Н.Абдусатторова шошиб қолди, гарчи нафси «икки минг де» деб турса-да, инсоф билан «1900 доллар бўлади» деди.

О.Аҳмадов дангалчи экан, айтилган вақт, айтилган жойда – Бухоро шаҳридаги «Ҳудудгазтаъминот» идораси ёнида аёлга 1500 АҚШ долларини топширди. «Ия, қолгани қани?» деганча пулнинг чўғи камлигидан хафа бўлган аёлни тинчлантирди: «Хотиржам бўлинг, тез орада олиб келаман».

О.Аҳмадов бир ҳафтадан кейин қолган 400 долларни ҳам келтирди. Н.Абдусатторованинг кўзлари қувнаб кетди, ахир бу пулга озмунча кўйлак, зеб-зийнат берадими? Ёки дам олишга кетсамикан?

– Ишимиз қачон битади, синглим? – деган О.Аҳмадов Н.Абдусатторованинг ширин хаёлларини тўзғитиб юборди. – Жиян қачондан ишга чиқади?

Н.Абдусатторова бироз шошмай туришни таъкидлаб, танишини ишонтирди. Ўзи эса уйига гўё учиб келди. Шундан сўнг бел оғритмай топган пулини совура бошлади. Аслида ишга жойлаштириш масаласида бирор мансабдор билан гаплашмаганди ҳам.

Тоқати тоқ бўлган О.Аҳмадов бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилди. Аёл пулни қайтарди, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтди. Аммо ғишт қолипдан қўчганди…

Суд ҳукми билан Н.Абдусатторова айбдор деб топилиб, қонуний жазога тортилди.