Хавфли ўйинчоқ

15:30 - 05.05.2021

17

«Ўзстандарт» агентлиги веб-саҳифасидаги хабарда отаоналарни Хитойда ишлаб чиқарилган «Music Lollipop» ўйинчоғини сотиб олишда огоҳ бўлишга чақирди.

Хабарга кўра у бўғилиш хавфини келтириб чиқаради. Батареяда ишлайдиган мазкур ўйинчоқ «Lollipop» ширинлиги кўринишида бўлади (изоҳ: «Lollipop» ўзимизнинг хўрозқанднинг бошқачароқ шакли).

Қайд этилишича, ўйинчоқ дастаги жуда узун ва ёш бола дастакни оғзига солиб, бўғилиб қолиши мумкин. Маҳсулот ўйинчоқлар хавфсизлиги тўғрисидаги кўрсатма ва Европанинг EN 71-1 стандарти талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

Хабарда, шунингдек, ушбу ўйинчоқнинг идиши блистер ойначали картон қутидан иборат
экани айтилган.

Бу хабар кўпчиликни умуман ажаблантирмаган десам хато бўлмаса керак. Чунки бозор расталарида, дўконларда жондан азиз фарзандларимизнинг саломатлигига, руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган, санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайдиган ўйинчоқлар исталганча топилиши ҳеч кимга сир эмас.
Нега ва қачонгача?!

Бизни бошқа саволлар ҳам ўйлантиради: хавфсизлик стандартларига жавоб бермайдиган, болаларимизнинг ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган бундай ўйинчоқлар бозорларимизга қандай кириб келмоқда? Шундай турдаги ўйинчоқларни сотишни тақиқлаш, савдодан олиб қўйиш, сотганлик учун жавобгарлик белгилашга масъул идоралар қаёққа қараяпти? Эсингизда бўлса, бундан бир неча йил аввал Тошкент шаҳридаги «Ўрикзор» бозорида болаларнинг саломатлигига жиддий хавф солувчи ўйинчоқлар сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ ўшанда ҳам бундай ўйинчоқларнинг сотувдан олиб қўйилгани, айбдорларга чора кўрилган-кўрилмагани номаълумлигича қолган эди.

«Қарс икки қўлдан чиқади» дейишади. Назорат қилишмаяпти-ку дея сифатсиз маҳсулотларни пуллаб даромад қилаётган, бу билан миллат болалари саломатлигини хавфга қўяётган «тадбиркорлар» фаолияти бў йича жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурга ўхшайди.

ХАВФСИЗ ЎЙИНЧОҚ ҚАНАҚА БЎЛАДИ?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июлдаги 451-қарори билан Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент тасдиқланган. Мазкур регламент ўйинчоқларни хавфсиз ишлаб чиқариш ва сотиш талабларини белгилайди.

Унга мувофиқ: болалар ўйинчоғининг таркиби портлаш хусусиятига эга бўлган моддалар ва материаллардан иборат бўлмаслиги керак;
электр ўйинчоқларда, шунингдек, уларнинг таркибий қисмининг бирортасида ҳам номинал кучланиш 24 V дан ошмаслиги лозим;
озиқ-овқат маҳсулотларида ва (ёки) озиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдога чиқарилган ўйинчоқлар ўзининг алоҳида қадоқларига эга бўлиши талаб этилади; ўйинчоқларга иккиламчи хомашёлар, яъни бошқа мақсадда ишлатилган ва қайта ишлаш натижасида олинган хомашёларни қўллашга йўл қўйилмайди; фойдаланувчига куйиш хавфини келтириб чиқарувчи, таркибида қиздириш элементи бўлган ўйинчоқларни ишлаб чиқариш тақиқланади; уч ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланмаган ўйинчоқларга ёш гуруҳи кўрсатилган, тақиқловчи график белги қўйилган бўлиши шарт.

Регламент талаблари болалар ўйинчоғи деб қаралмайдиган маҳсулотларга, шунингдек, шахсий буюртмалар ва кўргазма нусхалари сифатида тайёрланган ўйинчоқларга татбиқ этилмайди.

Фазилат ЁДГОРОВА,
«Huquq»