Ўлдириб бўлгач билса…

14:00 - 03.05.2021

5

Ёзнинг қоқ ўртаси, соат 16 лар чамаси эди. Шодмон ўша пайт Афзалбекнинг устахонасига кириб келди, худди қурбон ўз оёғи билан қассобнинг олдига келдек. Шодмон велосипедининг занжирини мойлаб олмоқчи бўлди. Куни битганини қаердан билсин?!

…Маҳаллада тарқалган мишмишларга кўра, Файзиобод қишлоғилик Шодмон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) хорижга ишлагани кетган аёллар билан ишқий муносабатларини телефонига ёзиб олиб, ўйнашини ушбу видеолавҳаларни эрига, яқинларига жўнатиш билан қўрқитиб, айтган шартларига кўндираётган эмиш.

Дастлаб Афзалбек бу гапларга парво қилмади. Аммо негадир ичига шубҳа оралади. Мабодо хотини ҳам Шодмон билан дон олишган бўлса-чи?! Одамларнинг Шодмон ҳақидаги гапларини эшитгани сари «хотиним ҳам у билан алоқа қилган бўлиши мумкин» деган хаёл вужудини пармалайверди. Масжидга бораётиб ёш йигитларнинг «ака  юраверади, опа у ёқда иш қилиб ётибди» деган гаплари шубҳасини баттар кучайтирди.

– Устахонада, ичкарида солидол бор, – деди Афзалбек. Ичкарига кирган Шодмон солидолда занжирни мойлаётганида дарвозадан чиқиб теваракка назар ташлади. Ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, устахонага қайтиб кириб қўлидаги темир қувур бўлаги билан велосипеди ёнида ўтириб занжирини мойлаётган Шодмоннинг бўйни аралаш бошига урди. У сўкиниб йиқилди. Афзалбек қувур билан боши, елкаси, болдирига қайта-қайта ураверди. Нафас олмай қўйгачгина эс-ҳушини йиғди.

Устахона эшигини ичкаридан беркитди. Шодмоннинг шими чўнтагидан «Нокиа» телефонини олди. Уни ёқиб, хотинига алоқадор видеотасвирни ахтариб топа олмади. Чипини олиб ўзининг телефонига жойлади. Тағин излашга киришди. Бироқ хотинининг тасвири тушган бирон-бир сурат ёки лавҳа чиқмади. Афзалбек мурдани устахонада ўрнатилган электр арранинг остидаги қипиқлар билан кўринмайдиган қилиб кўмди. Сўнг ўзининг велосипедини миниб қишлоқ марказига йўл олди. Ўша ерда мурданинг телефонини ариққа ташлади.

Ўша куни турмуш ўртоғини хабар ол дея отасининг уйига жўнатди. Олтиариққа бораётиб унга қўнғироқ қилди. Бугунча уйга қайтиб келмай туриши кераклигини тайинлади. Кейин синфдоши Шоввозга қўнғироқ қилиб, автомобилини сўраб олди. Туман марказидан олти метр кўк рангли плёнка сотиб олиб у билан устахонада ётган мурдани ўради, арқонда боғлади, устидан яна чойшаб ўради. Қоронғи тушгач, жасадни орқа ўриндиғи олиб қўйилган автомобилга жойлади. Олтиариқ – Марғилон йўлидан юриб, Болтакўл қишлоғини кесиб ўтиб ариқ ёнида тўхтади. Олиб келган кетмони билан ариқ чеккасини қазди. Мурдани судраб келиб чуқурга юмалатди. Чуқурни тупроқ аралаш балчиқ билан кўмди. Уйига қайтаётиб икки қоп қипиқни каналга ташлаб юборди. 

Уйга қайтиб келгач, Шодмоннинг велосипедини Жанубий Фарғона каналига олиб бориб ташлади. Эрталаб Полосон қишлоғилик қорининг уйига бориб ўзига дам солдирди. Хотини ва болаларини қайнотасиникидан уйига олиб келди. Устахонага кириб ердаги қон доғларини ювиб ташлади. Темир қувурни оғилга яшириб қўйди. Сўнг опасининг уйига борди. У ердан Тошкентга жўнади. Пойтахтдан Россияга йўл олди.

Хорижга қочиб яширинди-ю виждон азобидан мосуво бўла олмади. Қонга беланган жасад бот-бот хаёлида жонланиб, гуноҳи азим дилини пармалайверди. Умрининг охиригача ўзлигидан қочиб юра олмаслигига ақли етиб, юртига қайтди. Қайтиб келиб ИИБга учради. Судда Афзалбек Тожиддиновнинг жинояти қилмишига иқрорлигидан ташқари марҳумнинг турмуш ўртоғи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, инкор этиб бўлмас далиллар билан исботини топди. Қотил 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди.