Меҳмон йўқ, харажатлар отнинг калласидек

12:00 - 03.05.2021

12

Буйруқ… «Цех ходимлари Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманига хизмат сафарига юборилсин. Цех бошлиғи Э.Б. ходимларнинг хизмат сафарига юборилишини ташкиллаштирсин».

Буйруқни қўлига олган «Ўзметкомбинат» АЖ цех бошлиғи дарҳол ишга киришиш ўрнига вазиятдан фойдаланиб қолиш устида бош қотирди. Хизмат сафари харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларни сохталаштириш орқали бир-икки сўмли бўлиб олишни кўнглига тугди.

Э.Б.га тез орада шерик ҳам топила қолди. Цехларнинг бирида ишловчи М.У. хизмат сафарига бораётган ходимларга Тошкент шаҳрида жойлашган меҳмонхоналарда яшаганлик тўғрисидаги сохта квитанцияларни тайёрлаб беришни бўйнига олди. Цех бошлиғи эса қўлидаги ходимлари номидан хизмат сафари ҳисоботларини тайёрлаб, ушбу қалбаки ҳужжатларни ҳисоботларга илова қилган ҳолда корхона бухгалтериясига топширадиган ҳамда ходимларга бериладиган пулдан улушини олиб қоладиган бўлди.

Шу тариқа ишга киришган бошлиқ 28 нафар ходим 2018 йил март ойидан 2019 йил сентябр ойига қадар Ўртачирчиқ туманига ҳар куни «Ўзметкомбинат» АЖга тегишли транспортда ишга қатнаган бўлишига қарамасдан, ходимлар хизмат сафари мобайнида пул тўлаб Тошкент шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида яшагани тўғрисида қалбаки ҳужжат тайёрлатган. Бу ҳам етмагандай, Э.Б. жиноий қилмишини давом эттириб, ходимларнинг хизмат сафари бўйича аванс ҳисоботларини ҳам ўзи тўлдириб, унга йўқ харажатларни қўшиб ёзган ва меҳмонхоналарнинг қалбаки тўлов квитанциялари ҳамда назорат-касса машиналарининг чекларини илова қилган.

Шу тариқа жамият бухгалтериясига сохта ҳужжатларни тақдим этиб, 476 млн. сўмдан ортиқ пулни ўзлаштиришнинг уддасидан чиқади.

У режаси кутганидан ҳам осонроқ амалга ошганидан мағрурланиб, «ишнинг ўзини эмас, кўзини билиш керак» дер эди ўзига ўзи. Аммо ҳар бир қилмишнинг жавоби борлигини ўйлаб ҳам кўрмади. Цех ходимларининг шикоятини ўрганиш натижаси бўйича Э.Б. ва унинг ҳамтовоқларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Цех бошлиғи Э.Б. ва корхона ходими М.У.нинг қилмишлари фош этилди. Суд жамиятга етказилган зарар тўлиқ қопланганини инобатга олиб, уларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.