Тупроқдан чиққан бармоқлар

10:30 - 03.05.2021

23

Каттақўрғон туманида яшовчи Шариф Толиб акаси кўринмай қолганидан хавотирга тушди. Уйдагилар, қариндошлар тўрт томондан излашди. Кап-катта одам йўқолиб қолса қизиқ бўлар экан.

Шариф ички ишлар органларида ишлаб пенсияга чиққан. Шунинг учун ҳар нарсадан хавотирланишга одатланган. Акаси йўқолиб қолгач, унинг жўраси, доим бирга улфатчилик қиладиган Норбойдан шубҳаланди. Аввалига уйига бориб акасини суриштирди. Норбой елка қисиб, яқин орада кўрмаганини айтди. Шариф ўз ишлари билан кетди. Лекин кўнглидаги хавотири камаймади. Бунинг устига ҳеч қаердан акасининг дараги чиқмади.

Орадан бир-икки кун ўтиб Шариф яна Норбойнинг уйига борди. Уни арзимаган гаплар билан чалғитиб, кўз қири билан ҳовлини кўздан кечирди. Шу пайт ҳовли ўртасидаги кичикроқ ариқнинг бир қисми яқиндагина кўмилганини кўриб қолди. Чунки бу жойни кўмишга бирор сабаб йўқ эди.

Шариф шартта шу томонга юрди. Норбой ҳам унинг ортидан эргашди.

– Бу ерни нега кўмдингиз? – ўткир нигоҳ тикиб сўради Шариф.

– Ҳовли меники, хоҳлаган жойимни кўмаман, – Норбойнинг овозидаги ҳаяжон, озгина титроқ Шарифнинг эътиборидан четда қолмади.

– Нега ариқнинг бир қисмини кўмгансиз, кўмсангиз ҳаммасини кўминг. Лекин бу ариқ сизга керак-ку? – шундай дея Шариф атрофга аланглаб, ҳовлидан бирор иш қуроли излади.

Шундоққина деворга суялган белкуракни кўрди. Уни олиб келди-да, Норбойнинг ҳайҳайлашига қарамай кўмилган жойни кавлай бошлади. Бироздан кейин тупроқ орасида қўл бармоқлари кўринди… Норбой тилдан қолди, ранги гезариб кетди. Шариф жон-жаҳди билан кавлаб акасининг мурдасини топди…

Толиб Норбой билан яхши келишарди. Кўпинча иккаласи улфатчилик қиларди. 2020 йилнинг 13 октябрь куни тахминан соат 21 да Норбой Расулов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзининг уйида Толиб билан бирга спиртли ичимлик ичган. Улфатчилик роса қизиган, иккаласи маст бўлиб қолгач, суҳбат айниган, арзимаган нарсаларга тортишиб қолаверишган. Шунда Толиб Норбойни ҳақоратлаган. Натижада иккаласи жанжаллашиб қолган. Норбой Толибга етти марта пичоқ урган. Бу ҳам етмагандек, кўпроқ азоб бериш ниятида бошига темир болға билан бир неча марта уриб ўлдирган. Шундан сўнг у жиноятини яшириш мақсадида ҳовлисидаги ариқнинг бир қисмини озроқ кавлаб Толибнинг мурдасини кўмиб қўйган. Кейин қотиллик содир этишда фойдаланган пичоғи, қон билан ифлосланган тўшакларни ёқиб, йўқ қилган.

Мазкур жиноят судда кўриб чиқилди. Cуд Норбой Расуловни 18 йилга озодликдан маҳрум қилди.