МИБ — паррандачилик, асаларичилик ривожланиши тарафдори

16:00 - 03.05.2021

6

Алимент тўланиши шарт бўлган қарз, ўталиши керак бўлган бурч. Аммо кўпчилик қарздорлар айрим сабабларга кўра фарзандлари олдидаги бурчни бажаришмайди. “Қўли калталик”, ишсизлик ана шундай сабаблардан бири. МИБ Навоий вилояти ходимлари тарғибот ишларини ҳам юритишмоқда. Натижада 144 та оила яраштирилди, 239 кишига 487,8 млн. сўм алимент ундириб берилди. 493 нафар қарздор оиласи билан бирга яшаб келаётгани аниқланиб, судларга ижро ишини тугатиш бўйича аризалар берилмоқда.

Шунингдек, ижтимоий аҳволи оғир алимент тўловчиларни доимий ишга жалб қилиш мақсадида 522 кишининг рўйхати тузилиб, кечиктириб бўлмас чоралар белгилаб олинди. Натижада бюродаги 481 та ижро иши тамомланди. 

Хусусан, Навбаҳор туманининг Учтут маҳалласида истиқомат қилувчи Комил Назаров ва Мафтуна Мансурова бир неча йилдан бери айро яшаётган эди. Ушбу оилага ҳуқуқий тушунтириш берилиб, ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида паррандачиликни кенгайтириш учун шароит яратиб берилди. Ҳозир улар ярашиб, фарзандлари тарбияси билан шуғулланмоқда.

Шу каби Ҳусниддин Эргашев ва Дилфуза Мирзаева оиласида ҳам бу кун эсда қоларли бўлди. Уларга ҳам ўзини-ўзи банд қилиш учун асаларичиликка шароит яратиб берилди.

Бундай тадбирлар жамоатчилик ҳамкорлигида доим ўтказиб борилса, алимент билан боғлиқ мурожаатларнинг кескин камайишига эришилади.