Лаънатга қолишдан қўрқинглар

18:00 - 03.05.2021

13

Германияга хизмат сафари билан борган бир зобит дўстим гапириб берганди.
– Берлин шаҳрида ўтказилган тадбирда ҳарбий либосда қатнашдим.
Тадбир тугади, бинодан чиқиб сигарет тутатдим, чекиб бўлиб, қолдиғини четга улоқтирдим. Буни кузатиб турган 8-10 ёшлардаги бола ёнимга келиб, немис тилида «Сен полковник бўлсанг ҳам қонунни билмас экансан, билганингда қолдиғингни ерга ташламасдинг» дея менга танбеҳ берди. Ёш боланинг гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Уялдим. Дарҳол сигарет қолдиғини ташлаган жойимдан олиб, нарироқда турган чиқинди қутисига ташлаб келдим. Шу воқеадан сўнг қўлимда игнадек чиқинди бўлса ҳам махсус идишларга ташлайман.

БЕФАРОСАТЛИК ОҚИБАТИ

Ҳозир аксарият юртдошларимизда айнан ўша боланинг маданияти етишмайди. Ҳа, оддий маданият етишмайди. Қўлидаги чиқиндини дуч келган жойга ташлайдиганлар кўпайди. Машинада кетаётган айрим шахслар ҳеч иккиланмай ойнадан чиқиндисини йўл четига ташлайди.
– Пойтахтимиз билан Фарғона водийсини боғлаб турувчи
«Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон – Андижон – Ўш» халқаро автомобиль йўлининг Қамчиқ довони орқали ўтадиган қисмига масъул бўлган «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасида ишлайман, – дейди Қўчқорали Унаров. – Қамчиқ йўлини ҳар куни тозалаймиз. Довон бўлгани учун йўлга тупроқ, қум, тошлар тушиши табиий. Аммо йўлни йўловчилар кўпроқ ифлослантиради. Ҳар куни йўл четидан баклажка, шиша, ёш болаларнинг памперси, пис та пўчоғи каби қоп-қоп ахлат йиғиб оламиз.

Орамизда чиқиндини дуч келган жойга улоқтирувчи фаросатсиз одамлар етарли экан. Бу каби шахслар меҳнатимизнинг қад рига етмаса ҳам худодан қўрқишсин. Ислом динида йўлларни, сувни ифлослантириш гуноҳ эканлигини наҳотки улар билишмайди?
Одамлар нафақат йўлга, балки оқар сувга ҳам чиқинди ташлаб юбораверишади. Маҳалламиздан катта анҳор ўтган. Гоҳида шу анҳор ёқасидаги сўқмоқдан юришга тўғри келади. Яқинда сув ёқалаб кетаётгандим, чалоп этган овоз эшитилди. Қарасам, анҳорда катта целлофан пакет. Ичи тўла ахлат, сувда қалқиб кетаяпти.

Ким ташлади деган хаёлда уёқбуёққа қарадим, шунда анҳорнинг нариги қирғоғида супурги кўтарган жувон қўлидаги чиқиндиларни сувга улоқтираётганига гувоҳ бўлдим. Бундан жаҳлим чиқса-да, андиша кучлилик қилди. Ўша жувонга индолмадим. Четдан кузатганга бу ҳолат жуда хунук кўринар экан.

Афсусланарлиси, бундай ҳолатга гувоҳ бўлган болалар шу ишни такрорламаслигига ким кафолат беради? «Катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам шу ердан юради» деган нақл бежиз айтилмаган.

Ахлат ташлашга жой йўқ бўлса-чи, дерсиз. Давлатимиз чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун тартибли тизим яратганига анча йил бўлди. Ҳатто чекка қишлоқларда ҳам белгиланган кунда махсус машиналар келиб чиқиндиларни олиб кетади.

«КАНАЛИЗАЦИЯГА ТАШЛА, ОҚИБ КЕТАДИ»

Бугунга келиб, канализацияларга нисбатан ҳам одамларда юқоридаги каби муносабат пайдо бўлган.
– Одамлар канализацияга тушган нарса парчаланиб йўқ бўлиб кетади, унга тушган сув ҳам ерга сингиб кетади деб ўйлашади, – дейди Тошкент шаҳар сув таъминоти идораси матбуот хизмати бош мутахассиси Баҳодир Исматуллаев. – Бундай калта ўйлайдиган одамлар канализацияга ташлаш мумкин бўлмаган
чиқиндиларни ҳам оқизиб юбораяпти. Канализацияга оқизилган
сув тозаланиб, ундан яна фойдаланилишини эса одамлар хаёлига ҳам келтирмайди. Айни вақтда аҳоли йирик чиқиндиларни ҳам оқава сув тармоқларига ташлаб юбормоқда. Турли матолар, болалар тагликлари, ҳатто айрим хонадон эгалари сўйилган жониворларнинг қолдиқларини ҳам сувга оқизмоқда. Бу эса тармоқда тиқинларни юзага келтириб, аварияларга сабаб бўлаяпти.

Айни вақтда Тошкент шаҳридан чиқаётган оқава сувларни
қайта ишлашга мўлжалланган учта иншоот ишлаб турибди. Шу ўринда айтиш лозим, мазкур иншоотлар аҳолидан келадиган маиший оқаваларни қайта ишлаш мақсадида бунёд этилган. Бироқ сўнгги вақтларда юртимизда тадбиркорлик ривожланиб, ишлаб чиқариш жараёнларининг жадаллашаётгани мазкур иншоотларнинг ишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Сабаби, ишлаб чиқариш объектларидан канализацияга ташланаётган қаттиқ йирик чиқиндилар насослар ва бошқа техникаларни ишдан чиқармоқда. Канализациядан келган сув тозалангач, техник талаблар асосида канал ва дарёга ташланади

Сўнгги вақтларда канализация сувларининг ўта ифлосланиб кетиши оқибатида каналларга ташланган сувларда қуйқалар чўкиндига айланмоқда. Бу ҳам санитария талабларига зид. Яна бир муаммо, шаҳардаги текстил корхоналари бўёқли чиқинди сувларини оқава тармоқларига оқизаётганидир. Белгиланган меъёрга кўра корхоналар чиқинди сувини қолдиқлардан тозаланган ҳолда оқава тармоқларига оқизиши лозим.

Афсуски бугун ишлаб турган корхоналарнинг аксариятида бирламчи тозалаш иншоотлари қурилмаган. Талабга кўра корхона фаолият бош лаётганда ушбу бирламчи тозалаш иншооти ҳам ишга туширилиши керак. Мутасаддилар эса жим. Атроф-муҳит санитарияси эътибордан четда кўринади. Агар вазият шу зайл давом этса, пойтахтдаги экологик вазият издан чиқиши муқаррар.

Тўғри, бугунги кунда иншоотларни капитал таъмирлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг учун хориж кредитлари ҳам жалб этилаяпти. Аммо чиқинди ҳажми ҳам кун сайин кўпаймоқда.

Ичимлик суви қувури ёрилса ёки носозлик юзага келса унга чидаш мумкин. Бироқ оқава сув тармоғини бу зайлда тасаввур этишнинг ўзи ёқимсиздир. Шундай экан, ишлаб чиқарувчилару хонадон эгалари канализацияга чиқинди ташлашдан аввал бир ўйлаб кўрсинлар…

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ с.а.в: «Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар», – деганлар (Абу Довуд ривояти). Айтиш жоизки, ҳеч бир ориятли, иймон-эътиқодли инсон ушбу муборак ҳадисда зикр этилган номақбул ишларни қилишга ботинмайди, аксинча, ана шундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш номақбул эканлигини тушунтиради.

Ҳурматли газетхон, чиқиндиларнинг табиатга, инсонга зарарини айтиб, турли рақамлару статистика билан бошингизни қотирмоқчи эмасман. Интернетга кирсангиз, бу ҳақида истаганча маълумот олишингиз мумкин. Аммо ўзимиз яшайдиган, келажакда болаларимизга қоладиган шу заминга эътиборсиз бўлмайлик.

Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»