Очилмаган жиноятлар фош бўлди

13:30 - 01.05.2021

17

Шу йилнинг 27 февралидан 31 мартигача Сирдарё вилоятида жиноятчиликнинг уюшган ва гуруҳий турларига, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф айланмасига ва контрабандага, босқинчилик, талончилик ва безорилик жиноятларига қарши курашиш зарбдор ойлиги ўтказилди. Тезкор қидирув тадбирларида 16 та очилмаган ва 18 та янги содир этилган ўғирлик жинояти фош этилди. Қидирувдаги 13 киши ушланди, гиёҳвандлик, қонунга хилоф равишда қурол ва ўқ-дорига эгалик қилиш, фоҳишахона ва қимор ташкил қилиш, товламачилик, жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, ОИВ касаллигини тарқатиш, одам савдоси, маъмурий назорат қоидасини бузиш, коррупция билан боғлиқ 119 та жиноят аниқланди.

Жумладан, Сайхунобод туманида Гулистон маҳалласи 4-уйда яшовчи С.А. ўзига тегишли фермер хўжалиги шийпонида таниши Р.Д. ва С.Қ.га жинсий алоқада бўлиш учун 50 минг сўм пул эвазига шароит яратиб бергани аниқланган. Ҳолат юзасидан С.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Сайхунобод тумани судининг 2021 йил 24 мартдаги ҳукми билан С.А.га 360 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланган.

Шунингдек, Сардоба туманида ўтказилган тадбирда Пахтакор маҳалласи 1-уйда яшовчи Х.Р. ва Бирлашган маҳалласи 2-уйда яшовчи Б.У. тадбирга жалб этилган Б. исмли шахсга Бирлашган маҳалласи ҳудудида 300 минг сўм эвазига 1 дона гугурт қутисига жойлаштирилган 4,34 грамм нашани сотган вақтида ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Сайхунобод тумани суди Х.Р.га нисбатан 5 йил муддатга озодликни чеклаш ва Б.У.га нисбатан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Ховос туманида ўтказилган тадбирда Бунёдкор маҳалласи 16-уйда яшовчи, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ховос тумани бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келган М.Ф. ёшга доир пенсияга чиқаришни ваъда қилиб фуқаро Н.Чоршанбаевадан 2 млн. сўм пора олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди томонидан М.Ф.га
2 йил муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.