Бош прокуратурада мурожаатлар билан ишлаш

18:00 - 30.04.2021

26

Бугунги кунда pm.gov.uz портали орқали прокуратура органларига ҳар куни 400 га яқин мурожаат келиб тушмоқда ва мазмунан ҳал этилмоқда.

Бош прокуратуранинг Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси таркибида Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш маркази ҳам фаолият олиб бормоқда. Айни кунда марказ 170 дан ортиқ ташкилот билан интеграциялашган. Ариза ва шикоятлар тегишли ташкилотга электрон шаклда юборилиб, уларнинг ижроси назоратга олинади. Бир кунда ўртача 700 га яқин фуқародан ишонч телефони орқали мурожаат қабул қилинмоқда.

Қолаверса, прокуратура архиви ҳам бошқарма негизида фаолият юритади. Архивда доимий, 2 йиллик, 3 йиллик, 5 йиллик, 10 йиллик, 15 йиллик, 50 йиллик, 75 йиллик ва зарурати қолгунча сақлаш муддатига эга бўлган ҳужжатлар сақланади. Ҳар бир ҳужжатнинг мақсад ва вазифасига қараб сақлаш муддати белгиланади.

Бундан ташқари, прокуратура органларига келаётган шахслар аввало фуқаролар қабулхонасига мурожаат қилади. Фуқаролар қабулхонасининг фаолияти ҳам Мурожаатлар билан ишлаш бошқармасининг энг муҳим тармоғидан бири ҳисобланади. Масалан, Бош прокуратура биносига 2021 йилнинг апрель ойига қадар 3035 нафар фуқаро қабулга кириб чиққани қайд этилган. Уларнинг ҳар бири ўзига яраша феъл-атворга эга. Шу боис улар билан муомала қилувчи прокуратура ходими аввало масъулиятли, сабрли, ахлоқли, кенг дунёқарашли, билимли ва ўз касбига садоқатли бўлиши талаб этилади.