146 оила камбағалликдан чиқди

13:30 - 30.04.2021

4

Чимбой тумани прокурорига бириктирилган секторда шу кунга қадар камбағал ва доимий даромад манбаидан айрилган 383 та оилага 644 млн. 654 минг сўмлик ёрдам кўрсатилди. Меҳнатга лаёқатли 387 кишининг ишсизлиги аниқланди ва қарийб 95 фоизининг бандлиги таъминланди.

Шунингдек, муҳтож хонадонлар доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилиб, 146 та оилани камбағалликдан чиқаришга эришилди. Хусусан, С.Ешбаевга банкдан 30 млн. сўм кредит олишига ёрдам қилинди. Фуқаро шу пулга ўз томорқасида иссиқхона барпо этди.

М.Карамаддинов ҳам шунча кредит олиб, тухум ва гўшт етиштириш учун паррандачилик хўжалиги ташкил қилди. Ҳозир у боқаётган товуқлар сони 1200 дан ошди. 

Шунга ўхшаш яна бир мисол. Б.Мамбетмуратов қиймати 200 млн. сўм бўлган лойиҳа асосида металл эшик ва панжара ишлаб чиқариш мақсадида хориждан ускуналар олиб келмоқда. Ушбу лойиҳа амалга ошса 6 та иш ўрни яратилади.

Табиийки, аҳоли бандлигини таъминлашнинг оқилона усулларидан бири тадбиркорликни ривожлантиришдир. Шу боис «Узоқов Азат» фермер хўжалигига имтиёзли кредит олишига ёрдам берилди. Эвазига тадбиркор Нидерландиядан 200 та қорамол олиб келди ва қўшимча иш ўринлари яратди.

Сектор ҳудудида «Пинток» хусусий корхонаси ҳам ташкил этилди. Ушбу клиникада 350 минг долларлик лойиҳа амалга оширилиб, Хитой ва Германиядан тиббий ускуналар олиб келинди. 28 та иш ўрни яратилди.