Эрондан 8 тонна саримсоқ келтирилди. Нимага?

12:00 - 30.04.2021

6

Конимех тумани 2-секторидаги 3 та маҳаллада 6111 киши 1391 та хонадонда истиқомат қилади. 2021 йилнинг бошидан бери гуруҳ аъзолари уйма-уй юриш давомида 424 та муаммо борлигини аниқлади.

Уларни ҳал қилиш учун Шўртепа ва Юксалиш маҳаллаларида йўлга қум-шағал ётқизилди, кўприк тузатилди. Трансформаторлар созланиб, симёғочлар алмаштирилди, Сув иншоотлари таъмирланди, йўл белгилари алмаштирилди, олис ҳудудларга газ баллонлари бир вақтнинг ўзида берилиши йўлга қўйилди.

«Намунали қишлоқ» лойиҳаси асосида Шодибек қишлоғи танлаб олинди. «Конимех томорқа хизмати» МЧЖ Эрондан 8 тонна саримсоқ келтириб, аҳоли ва фермер хўжаликларига тарқатди. Бундан мақсадмазкур қишлоқда яшовчи аҳоли етиштирган маҳсулотларни экспорт қилиб, қўшимча даромадга эга бўлишини таъминлашдир.

2020 йилда 2-секторда истиқомат қилувчи оилаларнинг шароити ўрганиб чиқилиб, 368 та оила «темир дафтар»га киритилганди. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар қилинди. Кўрилган чоралар бесамар кетмади. Йил якунида халқ депутатлари туман кенгашининг қарори билан 362 та оилани «темир дафтар»дан чиқаришга эришилди.

Сектор ҳудудидаги Шўртепа, Юксалиш маҳаллалари ва Саржал овулида яшовчи ёшларнинг 172 нафари «ёшлар дафтари»га киритилди. 116 нафарининг бандлиги таъминланди. Шу жумладан, 53 нафарига имтиёзли кредит ажратилди.

Ҳар хил муаммоси бўлган 142 аёл «аёллар дафтари»га киритилиб, 120 нафарига ёрдам кўрсатилди. Ишлаш истагини билдирган 32 аёлнинг 22 нафари ишга жойлаштирилди. Шу жумладан, 7 нафари доимий, 15 нафари вақтинчалик иш билан таъминланди. Тадбиркорлик учун кредит олиш истагини билдирган 10 та аёлга имтиёзли кредит ажратилди. Бир аёлга иссиқхона қуриб берилди. Боқувчисини йўқотган 31 нафар хотин-қизнинг ҳар бирига 980 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилди. Тиббий ёрдамга муҳтож 45 аёл тиббий кўрикдан ўтказилди, 14 нафарига дори-дармон олишда, 14 нафарига стационар даволанишда кўмаклашилди.

Дафтарларга киритилган 73 кишига «Ҳар бир оила – тадбиркор» давлат дастури асосида 1 млрд. 214 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди.