Қурилиши битмаган меҳмонхона машмашаси

18:00 - 29.04.2021

5

Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси (ҳозирги Давлат активларини бошқариш агентлиги) Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси, «Ahmad biznes» МЧЖ ва вилоят давлат солиқ бошқармаси ўртасида 11-олди-сотди шартномаси тузилган. Унга кўра сотувчи Андижон шаҳар Бобур шоҳкўчаси 45-уйда жойлашган 380 ўринли қурилиши тугалланмаган меҳмонхонани жамиятга сотган. Шартномага кўра жамият объект учун сотувчига 280 млн. сўм тўлаши ҳамда икки йил мобайнида объектга қурилиш-монтаж ишлари учун 1 млрд. 50 млн. сўм инвестиция киритиши лозим бўлган.

2009 йил 19 ноябрда сотувчи харидорга объектга нисбатан мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи 11-давлат ордерини берган. Шундан сўнг 2010 йил 22 январда жамият ва «Dream house» МЧЖ (янги мулкдор ёки МЧЖ) ўртасида шартнома тузилган бўлиб, унга кўра харидор инвентарь қиймати 520 млн. 370 минг 285 сўм бўлган низоли объектни таъсис шартномасига асосан жамият низом жамғармасига улуш сифатида топширган.

Сотувчи ўтказган мониторингда объектда меҳмонхона фаолияти йўлга қўйилмагани, у давлат комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қилинмагани ҳамда бинонинг асосий қисмидан фойдаланилмаётгани аниқланган. Шундан кейин сотувчи Андижон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган олди-сотди шартномалари ва давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топишни ва объектни ҳокимлик балансига ўтказишни сўраган.

Биринчи ва апелляция инстанцияси судлари даъвони қаноатлантириб, тарафлар ўртасида тузилган шартномалар ҳамда давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топган. Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан қуйи инстанция судининг қарорлари ўзгартирилиб, жамият тўлаган 280 млн. сўм ва объектга киритилган 1 млрд. 138 млн. 900 минг сўм инвестиция даъвогардан жавобгарга ундирилиши белгиланган.

Мазкур суд қарорларининг қонунийлиги Бош прокуратура томонидан иқтисодий иш ҳужжатлари билан ўрганилди. Маълум бўлишича, судлар жамият объектда меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйиш мажбуриятини бажармагани учун 2009 йилдаги мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топган ва ушбу ордер ҳақиқий эмас деб топилгани сабабли 2007 йилдаги олди-сотди шартномаси ҳамда кейинги шартнома ҳам ҳақиқий эмаслиги ҳақида нотўғри хулосага келган.

Чунки мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордерининг ҳақиқий эмас деб топилиши ундан олдин тузилган шартноманинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқармайди. Юқоридагиларни инобатга олиб, Бош прокуратура томонидан суд қарорига нисбатан протест келтирилган.

Олий суднинг қарори билан юқоридаги суд қарорлари ўзгартирилиб, даъвогарнинг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва ҳақиқий эмаслик оқибатини қўллаш ҳақидаги даъвосини рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилинди ва прокурор протести қаноатлантирилди. Шу тариқа тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди.