Семинардан сўнг синов бўлди

13:30 - 29.04.2021

7

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашда профессионал кадрлар муҳим ўрин тутади. Бу даражага эришиш учун ходимлар доимий изланиши, ўз ишига масъулият билан ёндашиши лозим. Шу боис Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратурасида хизмат қилаётган ёш мутахассислар иштирокида тизимли равишда ўқув семинарлари ташкил этиш анъанага айланган.

Навбатдаги семинар Республика ҳарбий прокуратурасида 22-24 апрель кунлари бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Худойбердиев ўз маърузаси билан бошлаб берди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Бош прокуратура академияси масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, Республика ҳарбий суди, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари, Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази экспертлари ва бошқа мутахассислар ўз маърузалари билан иштирок этди.

Семинар давомида ёш мутахассислар Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган халқимизнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини тарғиб этувчи «Шон-шараф» музейи, «Мангу жасорат» ва «Матонат мадҳияси» монументларини, «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасини бориб кўришди.

Уч кунлик семинар сўнгида ёш мутахассислар оғзаки синовдан ўтишди. Айтиш жоизки, бу каби тадбирлар ҳарбий прокуратура органларида ишлаётган ёш мутахассисларнинг назарий билимлари мустаҳкамланиши, маҳорати ошишига хизмат қилади.