“1ХВЕТ” кимни бойитяпти?

15:00 - 28.04.2021

21

Анвар сўнгги пайтларда мактабдаги ўқитувчилардан кўп
танбеҳ эшитди. Авваллари доим фаол бўлган ўқувчи туғилган кунида совға қилинган телефонни олиши билан ўзгарди. Уйга берилган вазифаларни ҳам бажармай қўйди. Дарсдан келиши
билан хонасига қамалиб олади. Болалигидан шифокор бўлишни ният қилганини ҳам, битирувчи синфлигини ҳам унутганди. Телефонидаги ўйинларга маҳлиё бўлиб тонг оттиришни канда қилмай қўйди. Унинг кўп вақти «1хbet» ўйинига кетаётганди.

Отасидан доим ҳам пул сўрашга ботина олмайди. Онаси эса топганини унга беради. Лекин бу пул ҳам етмай қолганди. У энди
кўпроқ пул тикиб ютишни хоҳлади. Анвар яқин дўсти Алининг анчадан бери йиғиб юрган пули борлигини биларди. Жўраси бу пулни дарсдан сўнг ошхонада ишлаб топаётгани ва онасининг даволаниши учун сарфлашини айтган эди.

Унинг телефони йўқлиги сабабли ўртоғининг телефонидаги «Bepul»
иловасига рўйхатдан ўтказган. Бу айни муддаолигини пайқаган Анвар дўстининг пластик картасидаги 1 529 000 сўм пулни бобосининг картасига ўтказиб, уни шу ўйинга сарфлаб юборди. Картада йўқолиб қолган пул тез фурсатда топилди. Анварга жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани суди жазо тайинлади. Унинг бир йил озодлиги чекланди.

Мана шундай ҳолат Қува туманида ҳам рўй бермоқда. Таҳлилларга кўра туманда 2020 йилда содир этилган 79 та ўғирликнинг 5 таси фуқароларнинг пластик картасидан яширинча пул ечиш орқали амалга оширилиб, маблағлар «1хbet» ўйинига сарфланган.

– Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларда қонунга хилоф равишда қатнашиш, уларга болаларни жалб қилиш, уларни
ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан интернет орқали хизмат кўрсатиш МЖТКнинг 191-моддасига асосан
жавобгарликни келтириб чиқаради, – дейди Фарғона вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Феруза
Сиддиқова. – Шунинг дек, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот тўғрисида ахборот тарқатиш тақиқланади. «1хbet» букмекерлик идоралари рекламаси жойлаштирилган ва ўзбошимчалик билан ўрнатиб олинган шохобчалар йўқ қилинмоқда. Бу йўналишда ишловчиларга эса қонун доирасида чора кўрилаяпти.

Ҳали 18 ёшга ҳам тўлмаган мактаб ўқувчилари ҳаётнинг
паст-баландини англамай туриб жиноятга қўл ургани кишини ўйлантиради. Балки Анварнинг тарбиясига оиласи ва мактаб маъмурияти ўз вақтида эътибор берганида жиноят содир этилмаган бўлармиди? Бу ўйинга нафақат ёшлар, балки ақл-ҳушини йиғиб олган инсонлар ҳам алданаётгани ачинарли.

– Турмуш ўртоғим қўлига пул тушиши билан «1хbet» ўйинига пул тикади, – дейди Қувасой шаҳрида яшовчи Юлдуз Турдиева. – Бундан норози эканлигимни кўп айтганман. Кўпинча ютқизиб қўйса, аламини мендан олади.

Битта ўйинни деб оиламда тинчлик йўқ. Бу ҳолатни кўриб ўсаётган
ўғлимиз ҳам кўча-кўйда жўралари билан шу ўйинга пул тикаётганини пайқаб қолдим. Бу иши яхши эмаслигини тушунтирдим. Лекин ўғлим «отам ўйнаяпти-ку, демак яхши ўйин» деб жавоб берди. Она сифатида бу ўйин тақиқланишини
сўрайман.

Ижтимоий тармоқларда ҳам «Осон пул топишни истасанг,
“1хbet”ни юклаб ол» деган рекламаларга кўзимиз тушади. Аммо,
улар ортидан бугун ёшлар ўз йўлидан адашаётгани ҳам ҳеч кимга
сир эмас. Бундан кимга фойда-ю кимга зиён?

Шоҳсанам ЭШМАТОВА,
журналист