Меъёрини билмасанг, асал ҳам оғу

10:30 - 28.04.2021

11

Тўйдан муддао – яхшилик. Лекин биз шу пайтгача нимагадир ёшларнинг бахти, келажаги ҳақида эмас, кўпроқ тўйни қандай ўтказиш ҳақида қайғурдик. Энг қиммат ресторанда базм уюштириб, «Элнинг расм-русумини қилаяпмиз» дея исрофдан оғиз очган одамнинг оғзига урдик. 

Ислом динида эҳсон ва садақа беришда меъёрдан ошиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш қораланади. Юртимиз обод, турмушимиз фаровон бўлаверсин – буни ҳаммамиз хоҳлаймиз. Лекин тўкинлик ва фаровонликни суиистеъмол қилиб, исрофгарчиликка йўл қўйиш, турли ортиқча маросимларни жорий этиб, миллий анъаналаримизга путур етказишнинг нима кераги бор?

Маърифатпарвар бобомиз Беҳбудий домла 20-асрнинг бошларида «Туркистонликларни икки нарса: ўлим ва тўй маросимлари қийнайди» деган экан. Орадан юз йил ўтди ҳамки, у киши куйиниб айтган бу икки душман ҳамон ҳаётимизга эгов, оёғимизга тушов бўлиб келаяпти. «Эрдан чиқсанг ҳам, элдан чиқма» нақлига амал қилиб, вужудимизни қуртдек кемираётган бу хасталикни яширишга, ўзимизга ёқмаган пойгада ҳарсиллаб чопишга ҳаракат қиламиз. «Бор борича, йўқ ҳолича» деган нақлни аллақачон унутиб қўйганмиз. Маъракаларимиздаги исрофгарчилик ҳақидаги таъналарга ич-ичимиздан қўшилсак-да, сиртимизга сув юқтирмаймиз.

2019 йил 14 сентябрда Қонунчилик палатаси ва Сенат кенгашларининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида»ги қўшма қарори қабул қилинди. Ўша пайтда бу қарорни илиқ кутиб олганлар ҳам, инсон ҳуқуқлари топталаяпти деб иддао қилганлар ҳам бўлди. Унга кўра тўй-маъракаларга келувчилар сони 200 кишидан ошмаслиги белгиланди. Бироқ бу чекловга ҳамма жойда ҳам амал қилинавермади.

2020 йили коронавирус пандемияси боис жорий этилган карантин туфайли Республика махсус комиссиясининг қарори билан бир муддат мамлакатимизда тўй ва бошқа оилавий тадбирлар тўхтатилди. Шунингдек, юртимизнинг касалликдан холи бўлган, яъни яшил ҳудудларида тўй ва оилавий тадбирларни барча санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда 30 кишилик қилиб ўтказишга рухсат берилди. Кўпчилик юртдошларимиз тўйларнинг уйда, 30 киши иштирокида ўтказилаётгани нафақат иқтисодий, балки маънавий муаммоларнинг ҳам олдини олишини эътироф этишди. Чунки аксарият тўйлар ичкиликбозлик сабаб ёқа бўғишу муштлашув билан тугарди.

Ўтган йилнинг охири ва бу йилнинг бошида мамлакатимизда коронавирус пандемияси бироз чекингани боис карантин чекловлари юмшатилди. Оқибатда кўпчилик хотиржамликка берилиб, карантин талабларига бефарқ бўлиб қолди. Яна гаштаклар, кимўзарга тўй қилиш авж олди. Оқибатда коронавирусга чалиниш ҳам кўпайди. Вазият жиддий тус олганини инобатга олиб, давлат раҳбари Бош вазир ва вилоят ҳокимларига коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш бўйича топшириқ берди.

Ҳар бир ўзбек болам деб яшайди. Фарзандининг тўйларини, яхши кунларини кўришни орзу қилади. Бироқ орзу-ҳаваслар чегара билмайди. Уни ўз имконияти доирасида чеклай олган кишигина чинакам бахтга эришади. Қолаверса, керагича истеъмол қилинса заҳар ҳам шифо беради, меъёрида емасанг асал ҳам оғу. Шундай экан, тўй-маъракаларни ўтказишда меъёрга амал қилганимиз маъқул. Тилагимиз: барча юртдошларимизнинг орзулари рўёбга чиқсин. Тўй тўйларга улансин. Аммо бу гўзал удумимиз шуҳратпарастликка, дабдабабозликка ва манманликка хизмат қилмасин.