Ўқ узилди

18:00 - 26.04.2021

14

Бадгумонлик кишига ҳеч қачон яхшилик келтирган эмас. Аксинча, бўлар-бўлмас шубҳага берилиб, кимнидир айблашнинг оқибати яхши бўлмаслиги мумкин. Эр-хотин ўртасидаги ишончсизлик эса катта фожиа. Чунки бундай вазиятда оилага дарз кетади. Болалар
азобланади.

Шокир Зуфаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам бадгумонлик иллатини илаштириб олди-ю, оромини йўқотди. Агар у вақтида гумонларга барҳам бериб, ўзини ўнглаб олганида эди, эҳтимол, ўша куни ҳаммаси бошқача бўлар ва милтиқ
отилмай қолармиди?..

– Менга тўғрисини айт. У билан ўртангда қандай алоқа бор?

– Неча марта айтишим керак? Нега менга азоб бераверасиз?! Ҳеч нарса йўқ деб минг марта айтдим-ку!
– Йўқ, сен мени алдаяпсан.

Ахир унинг машинасида бир неча марта бозорга боргансан!

– Бундай бўҳтонларга ишонманг, ҳаётимизни заҳар-заққум қилманг, илтимос!
– Ҳаётимизни сен заҳарга айлантирдинг, беҳаё! Билиб қўй, бир куни шу ўйнашингни отаман! Шундай нишонга оламану, пақиллатиб отиб ташлайман!

Озода кўп йиғлади, ўзининг поклигини ҳар қанча тушунтирмасин, гумондор эр англашни истамади. Ҳар куни шундай жанжаллар давом этар, бирин-кетин улғаяётган икки фарзанднинг кўзларидан қувонч йўқолиб, ғам кучайиб борарди.

«ЁВВОЙИ ИТЛАР КЎПАЙИБ КЕТГАН…»

Бир фирмада ҳайдовчилик қилиб юрган Шокирнининг гумони ҳеч пасаймади. У хотинининг «хуштори» – болаликдан таниш бўлган Исломни жуда ёмон кўриб қолди. Қандай қилиб бўлса-да, жуфти ҳалолига кўз олайтирган бу бадбахтни бир ёқлик қилишга уринди. «Отиб ўлдирсам-чи?» – бир куни хаёлига келган шу фикрдан яйраб кетди. «Шартта отаман-қўяман, қутуламан. Ахир бундай яшаб бўладими?!».

Дарҳақиқат, қалбини шубҳа кемирган одамнинг яшаши осонмас. Шу боис Шарқ халқлари амал қилган қоидалар, динимиз таълимотида бадгумонликка бориш гуноҳлиги, инсон қалбига бундай чиркин фикрларни йўлатмаслиги таъкидланади. Мабодо гумон ораласа ҳам дарҳол ундан воз кечиш, бунинг учун инсон ўзида куч топа билиши шарт. Акс ҳолда ҳалокат содир бўлиши ҳеч гап эмас.

Шокир ишдан бўш вақтини милтиқ топиш қайғусида ўтказадиган бўлди. Бу зормандани дўконларда сотмайдики, шартта бориб олиб келаверса.

Аммо «излаган имкон топади» дейишганидек, Шокир ҳам ниятига етди. У ўқотар қурол сотиб олиш учун Ўзбекистон овчи ва балиқчилар уюшмасига аъзо бўлиш кераклигини билиб олди. Эртасигаёқ мазкур уюшманинг Марҳамат тумани бўлимидан овчи сифатида рўйхатдан ўтди. Ўзига берилган гувоҳнома асосида уюшмага қарашли махсус дўкондан Россияда ишлаб чиқарилган ИЖ17 русумли ов милтиғи ва 5 та патрон харид қилди.

– Уйимиз атрофида ёввойи итлар бирам кўпайиб кетгани учун шу матоҳни сотиб олишга мажбур бўлдим, – дерди у одамлар елкасидаги милтиқни нега кўтариб юрганини сўрашганида.
– Ахир бу ерларда одам зич яшайди. Сен итларни мўлжаллаганинг билан, худо кўрсатмасин, ўқ бошқа томонга отилиб фожиа юз бермайдими?

– Сенга бу милтиқдан қаерларда ва қандай фойдаланиш тартибини тушунтиришдими ўзи?

Маҳалладошларининг шу каби саволларига Шокир эътибор қилмас, «Хавотир олманглар, мен фақат осмонга ўқ узиб қўрқитаман, холос. Жониворларга озор бермоқчи эмасман», деб жавоб берарди.

Аммо ўзи Исломнинг ҳар куни соат неччида уйдан чиқиши, қайси кўчадан юриши, қачон қаерда бўлишини зимдан ўрганар эди…

«ХОТИНИМДАН БОШҚА ЖАЗМАН ҚУРИБ ҚОЛГАНМИ?!»

Ислом жонига қасд қилинаётганидан бехабар ҳар куни уйидан бехавотир чиқар, ишларини битириб, бемалол кўча кезарди. Аммо бир куни ғалати ҳодиса юз берди. Катта кўчада машина бошқариб келаётса, бир «Cobalt» унга қараб шитоб билан келаверди. Ислом сигнал чалди, фойдаси бўлмади. Эпчиллик билан ўзининг машинасини йўл четига олиб чиққач, бу ақлдан озган одам ким бўлди деб «Cobalt» томон қараса Шокир экан. Гумонга берилган Шокир бу ишидан мамнун бўлиб тиржайиб турди-да, сўнг машинани ўқдек елдириб кетди. Ислом ўзига келгач, Шокирни топиб нега бундай қилганини сўради. Шокир эса унга нафрати ошиб, юрагини кемираётган гапларни тўкиб солди.

– Сен номардсан! Бировнинг аёлига кўз олайтирадиган аблаҳсан! Сени ўлдираман! Менинг хотинимдан бошқаси қуриб қолганмиди сенга?!
Табиийки, Ислом бу гаплар асоссиз эканини, Озода билан орасида ҳеч қандай муносабат йўқлигини айтди. Аммо Шокир баттар тутақди:
– Сенинг гапларингга ишонишим учун бир иш қилишинг
керак, – деди у. – Қўлинг га Қуръони каримни олиб қасам ичасан.

Ислом ўзида айб йўқлиги, албатта қасам ичишга тайёрлигини билдирди. Шундан сўнг масжид олдида учрашишди. Шокир масжидга Озодани ҳам олиб келди.
– Биз бир-биримизга ўйнаш эмасмиз. Ёлғон гапирсак, худо урсин.
Муаммо шу билан тугаб, бир оила сақлаб қолинса, бошқа гап эди. Аммо Шокирнинг қалбидаги шубҳа олови ҳадеганда ўчавермади…

БЎҒИЗГА ҚАЙЧИ ҚАДАЛГАН КУН…

Ислом қасам ичганидан сўнг Шокирга бундай қора ўйларга берилмасликни, хотинига ишониши кераклигини таъкидлаб, ўз йўлига равона бўлди. Унинг фикрича, муаммо шу ерда ҳал бўлган ва можаро тугаган эди. Аммо бир куни ҳовлисининг орқа томонида, очиқ далада гумбурлаб ўқ отилгач, чучварани хом санаганига амин бўлди. Ўқ товушидан уйдагилари қўрқиб кетгач, Ислом нима гаплигини билиш учун ўша томонга юрди. Борса, ов милтиғини қўлида тутган Шокир турарди.
– Тинчликми? Бу ерда нима қилаяпсан? – деб сўради ундан.
– Итлар кўпайиб кетибди, шуларга ўқ уздим. Нима, болаларингни тишлаб олса яхшими? – дея саволга савол билан жавоб берди «овчи».
– Қани итлар, кўринмаяпти-ку?
– Сен чиққунча қочиб кетишди, – деди-да «овчи» кўзлари ёниб ортига қайтди.
Ислом эса «демак, шубҳаситарқалмабди-да» деб ўйлаб, вазиятни шу ҳолда қолдириб бўлмаслигини кўнглига тугди. Аммо бу ўй тирикчилик ташвиши ортида қолиб кетди. Бир куни туман марказидаги тўйхона олдида мижоз кутиб машинасида ўтирса, орқа ўриндиққа Шокир келиб ўрнашди. Ўтира солиб, қўлидаги узум қайчисини Исломнинг бўғзига тиради.
– Тушунтириб бер менга!
Хотиним билан юрмаган бўлсанг, нега у сенинг машинангда бир неча марта бозорга борган?!

Ислом типирчилаганча унга «Ахир мен кира қиламан-ку, машинамга ҳар куни ўнлаб аёллар чиқади. Аёлинг ҳам бир-икки марта машинамга чиқиб, бозор-ўчар қилиб қайтганди. Бор гап шу» деди. Машинада бошқа маҳалладошлар ҳам бўлгани боис тезда Шокирнинг қўлидаги қайчини олишди. Уни тинчлантиришга уринишди.

ХУДДИ СНАЙПЕРЛАР КАБИ…

Шундан сўнг Шокир ғанимини ҳеч ким йўқ жойда қўлга тушириш керак дея пайт пойлай бошлади. Исломнинг ҳар куни эрталаб 7 да уйидан чиқиб, Шифокорлар кўчаси бўйлаб болаларини мактабга элтиб қўйишини аниқлаб, ана шу кўчадаги кўзга унча ташланмайдиган, мўлжални аниқ оладиган жойни ахтарди.

…Ўша куни қалин туман тушди. Тонг саҳардан қурилиши битмаган қишлоқ врачлик пункти биносига жойлашиб ўлжасини кутаётган «овчи»нинг бутун вужуди қулоққа айланган, қилт этган шарпани кўздан қочирмайдиган даражада сергак эди. «Бу ишни шу ерда тугатаман!» дерди у ўзига. Аммо ғанимининг уловида болалар ҳам борлигини ўйламас, уларга заррача ачинмасди ҳам… Ниҳоят узоқдан «Tico» кўринди. «Мерган» уловни нишонга олди ва тепкини босди.

Ўқ машинанинг орқа эшигига тегди. Ислом шошиб тормозни босди, қўрқиб кетган болаларини овутди. Шукурки, болалар омон экан. Шу пайт унинг кўзи чала битган бино олдида уларга тикилиб турган Шокирга тушди. «Энди ўзингдан кўр! Шу пайтгача сени аяб келаётган эдим. Энди бу қилмишларинг учун жавоб берасан» деганча машинани елдек учириб кетди.

…Суд жиноятчини 12 йилга озодликдан маҳрум этди. Ш.Зуфаров энди панжара ортида инсон тақдирини ўзича ҳал қилишнинг, қонунларни менсимасликнинг оқибати қанчалар оғир бўлишини англаб етиши тайин. Ҳуқуқбузарлик содир этган ёки содир этишда гумон қилинган шахс ҳақида давлат органларига хабар қилмасдан, уни ўзбошимчалик билан жазолаш жамият учун катта хавф туғдирадиган жиноятдир. Ахир ҳар бир ҳодисани ҳар ким ўзича талқин қилиб, ўзича ҳукм чиқараверса, қонун устуворлиги қаерда қолади?! Шундай экан, шубҳага алданмасдан, адолатли қарор чиқаришни қонун посбонларига қўйиб бериш керак.

Расул МАТХАЛИКОВ,
Бош прокуратура бошқарма
АМИБ катта терговчиси
Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»