“Номимда кредит борлигини ҳатто билмабман…”

15:00 - 26.04.2021

41

Ботир (исмлар ўзгартирилган) «Нуробод агро томорқа хизмати» МЧЖни аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил қилди. Жамиятнинг асосий фаолияти аҳолига техника хизматини кўрсатиш, кўчат ва уруғ тарқатиш, маҳсулотларни сотиб олиб, иссиқхоналар қуришдан иборат эди. Аммо…

Илгари судланганидан хулоса қилмаган Ботир қинғир ишдан ўзини тиёлмади. «Микрокредитбанк»нинг Жума филиали бошқарувчиси Диёр билан жиноий тил бириктирди.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 7 мартдаги «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида «Микрокредитбанк»нинг Жума филиали 2019 йил ноябрь-декабрь ойларида Пастдарғом туманида яшовчи 16 нафар фуқарога 36 ой муддатга жами 337 млн. 241 минг сўм имтиёзли кредит ажратган. Кредит тўғридан-тўғри жамиятнинг ҳисобрақамига ўтказиб берилади. Аслида фуқароларга шартномага асосан хизмат кўрсатилиб, улар хизматдан қониққанидан сўнг пул таъминотчи корхона ҳисобрақамига ўтказиб берилиши керак эди. Лекин бу қоидага амал қилинмаган.

Шундан 7 кишига ажратилган 141 млн. 26 минг 500 сўм пул эвазига кўрсатилган хизматлар текширилганда таъминотчи корхона 93 млн. 914 минг 700 сўм пулдан нотўғри фойдаланилгани аниқланди. Шунча пул ўзлаштирилган.

Гувоҳлардан Бекзод шундай дейди: «Ботирни кўп йиллардан бери танийман. 2019 йил 15 ноябрь куни тўйда кўришганимизда банкдан кредит олиб иссиқхона қураётганини айтди. Сенга ҳам бир ой ичида 2 сотих ерга иссиқхона қуриб бераман деди. Фақат унга иссиқхона қурдирмоқчи бўлган одамларни топиб беришимни сўради. Декабрь ойининг ўрталарида Ботир томорқамизнинг 2 сотих ерига иссиқхона учун темир устунлар келтириб ўрнатди. Кредитни ўзим чиқартириб бераман деб, зарур ҳужжатларни ўзи уйга олиб келиб имзолатди. Шундан кейин Ботир кўринмай кетди. 2020 йил март ойи бошларида Пастдарғом туманидаги «Микрокредитбанк»ка бориб суриштирганимда менга 9 млн. сўм кредит ажратилганини ва бу пул Ботир раҳбарлик қилаётган «Нуробод агро томорқа хизмати» МЧЖга ўтказиб берилганини билдим. Кейин уни тополмай, департаментга ариза ёздим. 2020 йил сентябрь ойи охирларида Ботир уйга келиб, 5 млн. сўм пул берди. Қолганига иссиқхонани тўлиқ қуриб битказиб, ишга тушириб беришини айтди, бироқ бугунги кунгача иссиқхона қуриб бермади».

Ботир қолганларни ҳам шундай алдаб, ҳужжатларни имзолатганидан сўнг қорасини кўрсатмай кетади.

Ботирнинг шериги Диёр иссиқхона қуриб бериш учун таъминотчи корхонага ўтказиб берилган пул тўғри ишлатилмаганида унинг ҳам айби борлигини тан олди. Ҳозирги вақтда иссиқхона масаласида етказилган зарарни қоплаш учун 93 млн. 914 минг 700 сўм пулни прокуратуранинг депозит рақамига ўтказиб бергани боис жиноят ишининг унга тааллуқли қисми айблилик масаласини ҳал қилмасдан тугатилди.

Шунингдек, Ботир ҳам етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини инобатга олиб суддан қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд ҳукми билан Ботирга аввалги тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йилу 8 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.