Сифатига кафолат борми?

16:30 - 26.04.2021

13

Мен туғилган қишлоқ одамлари жуда меҳнаткаш. Азалдан қишда баландлиги бир метрга етаретмас кичик иссиқхоналарда помидор, қалампир, булғор қалампири, райҳон кўчатлари етиштиришар, сотиб бўлгач, ўрнига помидор экишарди.

Помидорнинг энг сара мевалари кўм-кўклигидаёқ узиб яшикларга жойланар, Россияга сотиш учун олиб кетиларди. Қизариб етилганлари эса ички бозорда сотиларди.

Кейинроқ гилос, узум, хурмо, шафтоли сингари мевалар ҳам айнан шундай – энг саралари узиб қутига жойланиб четга экспорт қилина бошлади. Ҳозир ҳам шунақа. Аксар ҳовлиларда Тошкент навли гилоснинг эртанги ва кечки навлари экилган. Экспорт учун…

Болалигимдан ҳозирга қадар экспорт билан боғлиқ оғриқли савол мени бот-бот безовта қилаверади. Яъни, бу мевалар ҳамманинг – болалар, ҳомиладор аёллар, кексаларнинг кўз ўнгида пишиб етилади. Бироқ энг саралари экспорт қилинади, қолгани ички бозорда сотилади. Ҳатто бир дона ҳам қолдирмай… Кўриш бору ейиш йўқ… Тирикчилик қурсин…

Ахир бола ҳам, ҳомиладор аёл ҳам, отахон ва онахонлар ҳам бу мевалардан егиси келади, уларга ҳам витамин керак. Афсуски, диди жуда баланд харидорларнинг кўнглига ёқмаганлари – ё чирий бошлаган, ё қурт тушган, ё нимадир камчилиги бор меваларгина саралангач, уларнинг оғзи тегиши мумкин. Таассуфки, аксар оилаларда ана шу яроқсиз деб чиқитга чиқарилгани ҳам ички бозорда арзонроқ нархда пулланади…
Болалигимдан нега қишлоқ одамлари сара меваларни емаслиги керак деган ўй мени қийнар эди.

Ўша изтироблар сабаб оилали бўлгач, турмуш ўртоғим билан
ҳовли сотиб олиб, турли мевалар экканмиз. Деярли барча туридан бор. Фарзандларим уларни ўз қўли билан узиб, тўйиб-тўйиб есин. Энг саралари уларга бўлсин.

Ўзимизнинг бозорларни, дўконларни кузата туриб ҳам ўша эски саволлар яна тинчлик бермай қўйди.

«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган». Мазкур ёрлиқ қалбимга
ғурур, ифтихор туйғуларини солиши шаксиз. Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш мақсадида экспорт даражаси
қисқартирилаётгани ҳақидаги хабарлардан ҳам хурсанд бўламан.
Токайгача хорижнинг матоҳини кўзимизга суртамизу, ўзимизнинг маҳсулотларга бурун жийирамиз?! Ана шу ўй сабаб бозорга борсам ё дўконга кирсам, кўпроқ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилишга интиламан. Бироқ… олган нарсамнинг сифатидан кўнглим тўлмай, таассуфга тушаман баъзан.

Адашмасам, ўтган йилги куз эди. Шаҳримиз бозорларидан бирида «Келиб қолинг! Арзон шампунлар! Совунлар ҳам арзонлашиб кетди! Минг сўмга учта!»дея бақириб харидор чақираётган йигит ва у сотаётган нарсалар эътиборимни тортди.
– Қаернинг маҳсулоти? –сўрадим ёнига бориб.

– Ўзбекистонники! – деди ҳозиржавоблик билан у. Сўнг стол устидаги маҳсулотларини мақтай кетди. – Бир кило-ю икки юз граммлик шампунлар булар.
Нархи жуда арзон, ҳамёнбоп, опа! Олганингизга асло афсусланмайсиз. Саккиз мингга бераман!
– Нега бунча арзон? – ажабландим. Сотувчи эса дарров оғзимга урди:
– Шунақа-да! Қиммат сотсак, нега қиммат дейсизлар… Арзонга сотсак, нега арзон эмиш… Булар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дедим-ку? Четдан келадиганларига транспорт харажати, бож тўлови қўшилиб, нархи осмонга чиқиб кетади. Ўзимизнинг маҳсулотларга эса таннархдан ташқари арзимаган фойда бўлса бўлди-да… Халқни ўйлаб арзон ишлаб чиқарилаяпти. Қимматини ҳаммаям ололмайди, опагинам! Йигит яна бир нималар деди. Хуллас, ўша куни битта шампун ва битта атирсовун сотиб олдим.

Уйга келиб уларни ишлатгач, харидимдан шунақа афсуслан димки… Йўқ, кетган пулимга эмас, Ўзбекистон номидан шунақа сифатсиз, бир тийинга қиммат маҳсулот ишлаб чиқарилганидан ўкиндим. Совун умуман кўпирмайди.

Бир-икки ишлатганингиздан кейин ундан шунақа ёқимсиз ҳид
анқийдики… Шампунни ишлатгач, ёпишқоқ нимадир қолади
тери юзасида… Сочдаги кирни ювиш ўрнига сочда ҳам ёпишқоқ нимадир қолдиради бу «миллий маҳсулотимиз»…

Шу ҳақда таниш аёлга айтувдим, у ҳам ёзғира кетди:
– Вой, бальзамини айтинг. Худди айниган қатиқни сочга суртиб олгандек бўласиз. Шунақа ҳам маҳсулот ишлаб чиқарадими, а?!

Яқинда бозорлардан бирида бақириб-чақириб харидор чақираётган бошқа бир сотувчини кузатдим. «Palmalove» деб ёзилган шампунни 10 минг сўм деб 8 мингга сотди. «Clear men» 8 минг, вазни оғирроқ «Ceramede» 17 минг, «Ocean breere» 17 минг, «Aloe» 6 минг, «Civili» 12 минг сўмдан экан. «Jano», «Dora» ва «Harmony» номли атирсовунлар 10 минг сўмга учтадан.

Шампун харид қилган икки ўспирин талаба эканини, қимматини сотиб олишга имконияти йўқлиги ва ноилож шунақа маҳсулотларни олаётганларини эшитиб, тўғриси, ичимдан бир нима узилгандек бўлди.

Аҳамият берилса, аёллар ҳам салатга майонез танлашда имкони борича Россия ёки бошқа давлатларда ишлаб чиқарилганига эътибор қаратаяпти. «Чиғатой» номи билан ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулот ҳам бошида бироз сифатли эди. Ҳозир таъми ҳам ўзгарган, айниган таъм беради. Бунинг устига, ҳеч фурсат ўтмай суви ажраб, не умидларда тайёрлаган салатингиз бир аҳвол бўлиб қолади. На уни суйиб ейсиз, на бировга илиноласиз. Харажатга тушганингиз қолади холос. Бунақа маҳсулотлар бозорда минглаб топилади. Идиш-товоқ ювишда ишлатиладиган гель дейсизми, қуюлтирилган сут, кирсовун, озиқ-овқатлар… Маиший техника, ҳатто автомобилларгача.

Афсуски, айнан юртимизда ишлаб чиқарилаётган автомашиналардаги камчиликлар борасида ижтимоий тармоқлардаги эътирозлар ортса ортаяптики, асло камайгани йўқ. Яхна ичимликни-ку айтмай қўя қолай. Сувга ранг ва озроқ кимёвий модда қўшиб, идишга қуйиб қўя қолишаяпти… Ахир буларни фарзандларимиз ичади.

Маҳаллий корхоналарни, ишлаб чиқарувчиларни қўллашни мен ҳам ёқлайман. Бироқ яратиб берилаётган шунча имконият ва эътиборнинг юзига тупуриб, сифатсиз маҳсулот билан юртимиз обрўсини бир тийин қилиб юбориш адолатданми?! Ахир бизнинг халқимиз кимдан кам?! Сифатли маҳсулот истеъмол қилишга, ишлатишга унинг ҳам ҳаққи борку?! Тўғри, баъзи маҳсулотлар арзонлиги боис айримлар унинг сифатига ҳам қизиқмай харид қилишаяпти. Бироқ бу инсон соғлиғи учун нақадар зарарли эканини ўйлашмаяпти. Оқибатда турли касалликлар кўпаймоқда.

Дилга эса ўша савол оғриқ бераверади: «нега?». Сонга эмас, сифатга эътибор қаратадиган пайт келмадимикан? Юқорида айтганим, одамлар томорқасидаги меваларнинг энг сарасини пулга эҳтиёжи борлиги туфайли сотишга мажбур бўлаётгандир, аммо пулига сифатсиз маҳсулот харид қилишга мажбур бўлмаслиги керак! Назаримда, мазкур масалани назорат қилувчи мутасаддилар уйғониб, миллий бренддаги маҳсулотлар сифатини астойдил назорат қилишлари лозим. Энг аянчлиси, бундай маҳсулотлар билан дунё бозорига чиқиб бўлмайди. Акс ҳолда, яна чет эл маҳсулотларига ёпишаверамиз.

Нилуфар НИЁЗОВА,
«Huquq»