“Судни кўндирдим, хавотир олманг”

13:30 - 26.04.2021

11

Август ойида суддан чақирув қоғози келди. Илгари иши тушмаган, биноси қаердалигини билмайди. Ҳайдовчилардан сўради. «Чиқинг, элтиб қўяман» деди ИИБ ходимининг ёзлик кийимини кийган йигит. «Дамас»  машинасида бораётиб ёшгина аёлни гапга солди.

– Эрим уйдан кўчага чиқариб қўйди, – деди Шаҳло (исм-фамилиялар ўзгартирилган). – Билганлар йўл кўрсатишди. Судга арз қилинг, уйингизга киритиб қўяди дейишди. Бугун бўларкан ўша суд.

– Судда танишингиз борми? Гаплашиб олдиларингми?

– Гаплашиш керакмиди?..

– Ҳа-да, бўлмаса ишни эрингизнинг фойдасига ҳал қилиб қўяди, – дея Араббой аёлнинг дилига ғулғула солиб қўйди. Калласида эса «Ҳойнаҳой  аёл кўчада қолмайди, суд уйига киритиш ҳақида қарор чиқаради. Мен гаплашиб сизнинг фойдангизга ҳал қилдирдим, суюнчини узатинг дейман…» деган ўй бор эди.

– Бошпанасиз кўчада қолдиришмаса керак, – Шаҳлонинг сўз оҳангидаги иккиланишни пайқаган олғир отни қамчилади.

– Вилоят ички ишлар бошқармасида командирман. Ишингизни кўрадиган судья гапимга кўнади. Айтаман, сизнинг фойдангизга ҳал қилади. Уйга киритиб қўядиган қарор чиқаради. Қўлига озроқ пул беришимиз керак.

Маъмурий суд биносига етиб келишди. Шаҳлодан 200 минг сўм олган Араббой судда қатнашмади. Дарҳақиқат, суд Шаҳлони уйига киритиб қўйиш ҳақида қарор чиқарди.

«Судни мен кўндирдим, – деди эртаси куни қўнғироқ қилган Араббой. – Эрингиз суд қароридан норози бўлиб шикоят қилгани билан ҳеч нимага эриша олмайди. Судья билан дадилроқ  гаплашиш керак». Араббой «дадилроқ» гаплашиш, Қўштепа тумани маъмурий суди раисига  бериш учун дея алдаб Шаҳлодан 500 минг сўм олди. «Бу пулни “Нексия” машинаси олгани тўплаётгандим» дея содда аёл «командир»нинг иштаҳасини баттар очиб юборди.

Араббой шифохонада даволанаётган аёлни кўргани кириб, кредитга «Нексия-3» машинасини гаплашиб олиб бераман дея ишонтирди. Шаҳло даволаниб чиққанидан кейин у юборган одамга автомобилнинг дастлабки тўлови учун 3 млн. 800 минг сўм пулни бериб юборди. Бир неча кун ўтиб унинг ўзи ИИБ ходимининг яшил футболкаси ва кўк-қора рангли йўл-йўл шимини кийиб келди. «Онам бетоб, қарз бериб туринг, бир ойда қайтараман» дея 4 млн. сўм сўраб олди. Фарғона шаҳридаги автосалонга бошлаб борди. «Нексия» русумли машиналарни  кўрсатиб, «шулардан биттаси сизники, 2020 йил 3 февраль куни автомашина автосалондан чиқади» деди. Паспортини олиб кетди. Шаҳло банкдан микрокредит олиб, бирга ишлайдиган танишлари, қариндошларидан қарз олиб Араббойга автомобиль учун  2 млн. 200 минг сўм,  12 млн. 500 минг сўм, 6 млн. сўм, 800 АҚШ долларини бериб қўйди. 2019 декабрь ойида у ҳарбийча кийимда «Нексия» машинасида Шаҳло ишлаётган мактабга келиб, машина тўловига пул етмай қолди дея аёлнинг қўлидаги 3 млн. сўмлик узугини ҳам олиб кетди. 

Араббой айтган пайт ҳам келди. Бироқ автосалондан машина олиб чиқиб бериши керак бўлган одам думини тутқазмай қўйди. Телефон қўнғироқлари ҳам жавобсиз қолаверган Шаҳло алданганини англаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига мурожаат қилди. Унга тақдим этилган диктофон ёрдамида гаплашиш асносида Араббой Қўлдошев олган пулини қайтариб бераман дея қилмишини тан олди. Расман ҳеч қаерда ишламаган, киракашлик қилиб кун кўрган олғир содда аёлни алдаб қарзга ботирди. Салкам 5 млн. сўмни қайтарган фирибгарга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилди. Суд хукми билан А. Қўлдашевдан жабрланувчи  Ш. Суюновага 31 млн. 195 минг сўм ундириладиган бўлди. Фирибгар 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.