Камбағалларга пул ҳам, қўй ҳам йўқ

13:00 - 24.04.2021

16

Маҳмуд Қобилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) «Халқ банки»нинг Дўстобод филиали бошқарувчиси вазифасида бор-йўғи 3 ой фаолият юритди. Бу лавозимга тайинлангунча кўп йиллар шу муассасада турли вазифаларда ишлади. Бошқарувчи курсисини эгаллагач феъли айниди.

Бош ҳисобчиси Азиз Акмалов билан жиноий тил бириктириб, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ажратилган имтиёзли кредитларни ўз эгаларига етказишда хатога йўл қўйди. М.Қобилов Адлия вазирлигида 2019 йил 9 июнда рўйхатга олинган «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 11-, 27-, 28- ва 29-бандларига зид равишда, талабгорларнинг аризаси олинмасдан ва улар билан шартнома тузилмасдан ҳамда банкнинг кредит қўмитаси қарори қабул қилинишини таъминламасдан 2019 йил апрель, май ва июнь ойларида 37 нафар камбағал фуқаро кредит олиш учун ҳужжатларни тақдим этгани ҳақида сохта маълумотларни электрон базага киритди. Бош ҳисобчининг ва мониторинг бўлими бошлиғининг электрон калити орқали уларга ўзларининг иштирокисиз ажратилган 89 млн. 400 минг сўм кредитни таъминотчи «Тўрақулов Дилмурод» ва «Тўқбой» фермер хўжаликлари ҳисобрақамига ўтказиб берди. Яъни кредит камбағал оилаларга етиб бормади. Аслида бу маблағ уларга қўй олиш учун ажратилган эди.

Кейинчалик Марказий банкнинг Тошкент вилояти бош бошқармаси ходимлари ўтказган текширув вақтида ушбу ҳолат аниқланиб, кредит таъминотчилардан филиалга қайтарилди. Банк бошқарувчиси, ҳисобчи ва бошқа масъул шахслар айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳеч бири фуқароларга ажратилган имтиёзли кредитдан манфаатдор бўлмаганини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўрашди.

Суд М.Қодиров ва А.Акмаловни айбдор деб топиб, 1 йил банк тизимида раҳбарлик ва бош ҳисобчи лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йилу 2 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлади.