Эл бошига иш тушганда куни туққанлар

18:00 - 23.04.2021

15

Баҳодир Баракаев 2016 йил 21 ноябрдан Бухоро вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, 2019 йил октябрь ойидан 2020 йил май ойигача вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи вазифасида ишлаб келган.

У эл олдида яхши инсон, тажрибали раҳбар сифатида ҳурмат қозонган эди. Аммо унинг биргина ўйламай қўйган қадами обрўсига путур етказди. У мансабидан фойдаланиб, ушбу марказда эпидемиологик мониторинг ва профилактика тадбирларини ташкил этиш бўлимида дезинфекциячи вазифасида ишловчи Абдулазиз Ҳайитов  билан жиноий тил бириктирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида Молия вазирлиги Бухоро вилоятидаги инқирозга қарши курашиш жамғармасига ажратилган пулни ўзлаштиришни мақсад қилди. Пандемия шароитида касалликнинг олдини олиш учун ишлатиладиган «Гипохлорид кальций 65%» дезинфекция воситаси Бухоро шаҳридаги «Бухоро дори-дармон» МЧЖ томонидан 24000 дан 26400 сўмгача сотилаётган бир вақтда А.Ҳайитов ташкил қилган «Volkano Stores» МЧЖ орқали умумий қиймати 395,6 млн. сўм бўлган 14976 кг дорини 2020 йилнинг март ойида 600 млн. сўмга сотиб олиб, жуда кўп миқдордаги маблағни талон-торож қилган.

Бундан ташқари Б.Баракаев ва А.Ҳайитов ҳамкорлигини давом эттириб, А.Ҳайитовнинг  «Кўҳинур шайдоси» ва унинг отаси Ҳ.Саидов номида бўлган «Сайид Ҳайит Шаҳзодбек» МЧЖ билан 2020 йилнинг март-апрель ойларида тузилган шартномаларга асосан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертиза марказининг хулосасига кўра умумий қиймати 68 млн. сўм бўлган 850 дона автомаксни 212 млн. 500 минг сўмга, умумий қиймати 488 млн. 850 минг сўм бўлган 1500 та махсус кийимни 975 млн. сўмга, яъни 630 млн. сўм қиммат нархда харид қилиб, бюджет маблағини жуда кўп миқдорда ўзлаштирган.

Одил суд ўз сўзини айтди. Б.Баракаевга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. А.Ҳайитов 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.