Ёдгорликка шикаст етказганга жиддий жазо

16:30 - 23.04.2021

57

Ўзбек халқининг маданий меросини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш борасида Тошкент вилоятида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Давлат муҳофазасига олинган 828 та моддий-маданий мерос объекти орасида милоддан аввалги даврларга оид Бўстонлиқдаги Обираҳмат иншооти, Ангрендаги ибтидоий одам манзигоҳи бор. Янгийўл туманидаги Бўзсув қароргоҳи, Қовунчитепа, Ўртачирчиқдаги Киндиктепа, Оққўрғондаги Қанқа шаҳристони, Оҳангарон туманидаги Қўрғон даҳмаси каби объектлар ҳам қадимий ва нодир. Зангиота, Шодмаликота, Ийкота, Ҳазрати Али, Шайх Умар Вали Боғистоний каби зиёратгоҳлар эса маълум ва машҳур.

Туман ва шаҳар ҳокимликлари ва ободонлаштириш бошқармалари балансида бўлган 100 та объект вилоят маданий мерос бошқармасига қайтарилди, 122 тасининг йўл белгиси ўрнатилди, 455 тасининг муҳофаза чегараси белгиланди.

2019-2020 йилларда 6 та ёдгорликда 5 млрд. 264 млн. сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди.

Ҳозир Ангрен ва Чирчиқ шаҳарларида тарих музейи, Олмалиқ ва Оққўрғонда тарих ва ўлкашунослик музейи ишлаб турибди. Вилоятда номоддий маданий мероснинг ривожланишига ҳисса қўшиб келаётган усталарнинг фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Зангиота туманида яшовчи О.Матмусаев 1976 йилдан шу кунгача уйида дутор, танбур, рубоб ва бошқа мусиқий асбоблар, ёғочдан эшик-дераза, стол-стул ва бошқа буюмлар ясаш билан шуғулланади.

Бекобод туманида дутор ва рубоб ясовчи А.Ботиров, Паркентда сибизға, дўмбира созандаси М.Алиев ва миллий чолғулар устаси Х.Йўлдошев, Юқоричирчиқда бахшичилик тўгараги раҳбари Б.Қалхожаевлар ижод қилиб келмоқда.

Вилоят прокуратураси органлари «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлар ва соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатлар ижросини назоратга олган.

Ўтказилган текширишларда аниқланган қонунбузилишлар ва уларнинг сабабларини бартараф этиш ҳақида 11 та тақдимнома киритилиб, қонунга зид ҳужжатларга нисбатан 4 та протест келтирилди.

Шу билан бирга, Янгийўл туманида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган жангчиларга ўрнатилган ёдгорлик ҳамда Бўка туманидаги IV асрга тааллуқли «Самсарак шаҳри харобаси» ёдгорлигига шикаст етказилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилган.