Кўл атрофидаги ишсизлар жаримага тортилди

13:30 - 23.04.2021

14

Бош прокуратуранинг Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси муайян ишларни амалга ошириб келмоқда.

2020 йилда ўтказилган 2010 та рейдда 747 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, ноқонуний овланган 1518 кг балиқ олинди ва 700 киши 607 млн. сўмлик жаримага тортилди. Ўтказилган назорат тадбирларда тақиқланган 54 км тўр, 10 та электр қармоқ, 8 та мотор, 57 та қайиқ ва 14 та транспорт олиб қўйилди.

Ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ўрганилганида уларни асосан кўл атрофида яшовчи ишсизлар содир этаётгани аниқланди. Шу боис бошқарма ташаббуси билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органлари ходимлари томонидан Арнасой, Зафаробод, Фориш, Нурота, Конимех туманларидаги 10 та қишлоқда яшовчи 6917 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилиб, 1357 нафар ишсиз рўйхатга олинди. Ҳокимлик ва бандлик органлари ҳамкорлигида 1191 киши иш билан таъминланиб, 44 кишига ишсизлик нафақаси тайинланди.