Хўжасизларча фойдаланиш ҳалокатга бошлайди

12:00 - 23.04.2021

12

БМТнинг 2009 йил 22 апрелдаги 63-сессиясида 22 апрель – Халқаро Ер сайёраси куни деб белгиланган. 2010 йилдан буён ушбу сана байрам сифатида нишонлаб келинади.

Республикамиз аграр давлат ҳисоблангани боис иқтисодиётнинг ривожи кўп жиҳатдан ерга муносабатга боғлиқ. Қашқадарё вилояти прокуратураси органлари ер тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан доимий назорат ўрнатган. Вилоятда 2856799 гектар ер бўлиб, унинг 675706 гектари экин экиладиган, 38923 гектари дарахтзор, 21901 гектари бўз ер, 1406791 гектари яйлов, 713478 гектари бошқа ерлар (зовур, йўл ва ҳ.).

Назорат тадбирларида ерлар ноқонуний эгалланган 6501 та ҳолат аниқланди. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилиш қилинган 157,8 гектар ердан бугунги кунда 89,5 гектаридаги қурилишлар ихтиёрий, 29,7 гектаридагиси мажбурий тартибда бартараф этилиши таъминланган.

Фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун ер ажратишда ҳам «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонун талаби бузилган. Жумладан, қонуннинг 8-моддасида деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ер участкасини суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ажратиш белгиланган бўлса-да, Косон тумани ҳокимининг 2020 йил 18 июлдаги қарори билан фуқаро Элбекжон Сайфуллаевга деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун Сурхон маҳалласидан 1 гектар ер ажратилган.

Ер тўғрисидаги қонунчилик ижроси юзасидан 2020 йилда ва 2021 йилнинг ўтган даврида вилоят прокуратураси органлари томонидан ўтказилган текширишларда аниқланган қонунбузилишлар бўйича 939 та протест, 31 та тақдимнома, 22 та огоҳлантириш, 28 та интизомий, 132 та маъмурий ва 21 та жиноят иши қўзғатилган.

Суғориладиган ерлардан самарасиз фойдаланиш тупроқ ҳосилдорлигининг камайишига олиб келади. Тупроқнинг бир неча сантиметр ҳосилдор, яъни гумус қатламининг қайта тикланиши учун узоқ муддат керак бўлади. Мазкур қарорга асосан Қашқадарё вилоятида 27601 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этилади. Унинг 23465 гектари пахта, 3326 гектари мевали экинлар, 810 гектари узумзор, 11255 гектари ғалла, 1250 гектари сабзавот ва полиз, 1600 гектари озуқабоп экинлар экиладиган ерлардир. Тегишли қарорнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юзасидан масъул шахслар расман огоҳлантирилди.

Мазкур йўналишда ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра ваколатли идораларга 2 та тақдимнома киритилди, 28 нафар мансабдорнинг маъмурий ва интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилиб, 77 нафари қонун бузилишига йўл қўймаслик хусусида огоҳлантирилди.