Овул учун янги қудуқ ва боғча

18:00 - 22.04.2021

4

Қорақалпоғистонда яшаб, деҳқончилик қилишнинг қандай азоблиги сир эмас. Тупроқ шўр, сув камёб, чанг-тўзон. Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиши учун 43 та оилага 94,6 млн. сўмлик иссиқхона ва 17 та оилага 37,9 млн. сўмлик қудуқ қазиб берилгани овул ҳаётига катта ўзгариш олиб кирди.

Дарҳақиқат, Қораўзак тумани 2-секторида камбағал оилаларга ёрдам бериш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби масалалар юзасидан қатор ишлар қилинмоқда.  Жумладан, 147 та эҳтиёжманд оилага 410 млн. сўмлик ёрдам кўрсатилди. Ҳомийлар ёрдамида аҳолига озиқ-овқат ва дори-дармон, қорамол, қўй, товуқ ва қуён берилди. Коронавирус пандемияси сабабли доимий ишидан айрилган 179 кишининг бандлиги таъминланди.

А.Досназаров овулида яшовчи Б.Бийимбетовага сектор раҳбари тикув машинаси олиб берди ва унинг уйда ишлаши учун имконият яратилди.

Шу билан бирга, ўрганишлар давомида «ёшлар дафтари»га киритилган Р.Мамбеткаримованинг ишсизлиги ва у оилавий болалар боғчаси ташкил этиш ниятида эканлиги аниқланди. Сектор аъзоларининг ёрдами билан унинг боғчаси давлат рўйхатидан ўтказилди ва иш бошлади.

«Аёллар дафтари»га киритилган М.Генжебекованинг тикувчилик қилиш учун банкдан имтиёзли кредит олишига ёрдам кўрсатилди ва бошқа хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаши учун тикув машиналари олиб берилди.

Ўрганишлар давомида ижтимоий ёрдамга муҳтож К.Сметуллаева ва Т.Кунназаровнинг эскирган уйлари ҳомийлар ёрдамида таъмирланди.