Омбор мудири ғаллазорни ўт бостирди

10:30 - 22.04.2021

9

Наим Боқиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йил май ойидан 23 июлгача «Когон дон маҳсулотлари» акциядорлик жамиятига қарашли Қоровулбозор туман дон қабул қилиш пункти омбор мудири вазифасида ишлаб келган. У ҳосил йиғиб олингандан сўнг омборидаги дон 77900 килограм камлигини эшитганда нима қилиши кераклигини ўйлаб қолди.

Табиий камайиш, ғаллазорларни бегона ўт босганини айтиб, ҳужжатларни расмийлаштиришда бир-икки рақамни сохталаштиришни режалаштирди.

Қоровулбозор туманидаги фермер хўжаликлари омборга топширган  9 372 380 кг ғаллага терговда аниқлаш имкони бўлмаган фермер хўжаликлари ҳисобига 77900 кг ғаллани қўшиб ёзиб, ҳисоботларни қалбакилаштирди. Қабул қилинган ғаллани 9 450 280 кг қилиб кўрсатиб, ҳисоботларни жамият ҳисобхонасига тақдим этди. Ихтиёридаги 120 млн. 745 минг сўмлик ғалланинг талон-торож қилинишига йўл қўйди.

Н.Боқиев жиноий ҳаракатларини давом эттириб, жиноятини яшириш мақсадида «МАН» ҳамда «КамАЗ» машиналарида 77900 кг ғалла Қоровулбозор дон қабул қилиш пунктидан «Когон дон маҳсулотлари» АЖ омборига ташилгани ҳақидаги 2020 йил 23 июлдаги 343, 344, 345-юкхатларни сохталаштирди. Пунктдаги тарозисида донни ўлчашни рўйхатга олиш журналига сохта маълумотлар киритиб, уларни жамият ҳисобхонасига тақдим этди.

Қинғир иш барибир фош бўлади. Н.Боқиев ҳам қилмишлари учун суд олдида жавоб берди ва жазога тортилди.