“Ўзим прокуратура ходимиман…”

14:30 - 21.04.2021

9

Ҳавас – яхши туйғу. Болаликдан махсус либосли касб эгалари –
шифокорлар, ҳарбийлар, учувчиларга ҳавас қилиб, бу ҳисни мақсадга айлантирганлар кўп. Анвар Самадов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам орзуга айб йўқ деганларидек прокуратура ходимларига ҳавас қилди. Бироқ у ҳавас қилибгина қолмай, бу соҳадан анча узоқ бўлса-да, одамларга ўзини шу тизим ходими деб таништиришга одатланди. Бунисиям майли, ана шу ёлғонни ишлатиб, соддадил кишиларни чув туширишга уринди.

…1989 йилда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида туғилган А.Самадов Бухоро ҳарбийлаштирилган ўт ўчириш командаси қўриқлаш отряди ўқчиси бўлиб ишлайди, оилали, учта фарзанди бор. У илгари жинояти учун судланган.

Шу ўринда савол туғилади: инсонга ақл нима учун берилган? Бу ўткинчи дунёда яхши ном қолдириш, қилган хатоларидан хулоса чиқариш учун. Аммо Анвар қилмишларидан уялмади, яна қонунга қарши борди.

Унинг биринчи ёлғони 2020 йилнинг июль ойида – ижарага автомашина олиш учун «Кумушбегим Навоийтранс» МЧЖ раҳбари М.Бакирова билан танишганидан кейин бошланди. Анвар ишим осонроқ кўчар деб ўйладими, ҳартугул аёлга ўзини «Прокуратура ходими Самадов» деб таништирди. Табиийки, бу ёлғонга ишонган аёл ҳам фурсатни бой бергиси келмай, ечими топилмаётган бир муаммосини у орқали ҳал қилишни ўйлади. – Жуда соз! Айнан менга керак одам экансиз! Ишингиз битди деяверинг!

М.Бакирова жамиятга қарашли «Нексия-3» автомашинасини ойига бир ярим миллион сўмдан тўлаш шарти билан ижара шартномаси асосида унга берди. МЧЖ раҳбари шу заҳоти мақсадга ўтди: – Худди шу машинани илгари ҳайдаган одамнинг мендан қарзи бор, агар унга телефон қилиб, бир оғиз дўқ қилсангиз, масала ҳал бўлармиди?! Нима дейсиз? Анвар ўйлаб ҳам ўтирмай М.Бакирова ёзиб берган рақамга қўнғироқ қилди.

– Прокуратура ходими Самадов! – деб ўзини таништиргач,
рақам эгасини М.Бакированинг пулини тез кунда тўлаб бермаса унга нисбатан чора кўриши тўғрисида огоҳлантирди. Бу унинг иккинчи фириби эди.

Содда одамлар кўп. Аслида ана шундайлар фирибгарларнинг тегирмонига сув қуяди. Телефонда дўқ қилган одамнинг айтганига ишонган қарздор пулни келтирган шекилли, орадан бир неча кун ўтгач М.Бакирова яна «масъ ул ходим»ни йўқлади.

Бу сафарги илтимоси оилавий низо, аниқроғи, уй машмашаси хусусида экан. М.Бакированинг айтишича, унинг опаси Н.Комилова бошини қайси тош га урарини билмай юрибди. Бу илтимос Анварнинг навбатдаги уйдирмасига сабаб бўлди.

– Шу рақамга телефон қилсангиз, опам ҳаммасини ўзи тушунтиради!
Бўлмасам-чи? Албатта, боғланади. Аммо энди қуруқ қошиқ оғиз йиртар деганларидек, текинга дўқ урадиган аҳмоқ йўқ! Баҳонада уч-тўрт сўм ишлаб қолиши керак. Ахир бундай имконият ҳар доим ҳам бўлавермайди.

Анвар терган рақам эгаси унга Навоий шаҳар Ҳамза кўчасидаги уйда ўғли Баҳодир оиласи билан бирга яшаб келаётгани, қизи турмушидан ажралиб келиб, у ҳам шу уйда турганини айтди. Кейин муддаога ўтди: – Хуллас, илгари номимда бўлган, ҳозир ўғлим Баҳодирга тегишли уйнинг бир қисмини қизимнинг номига ўтказиб беришда ёрдамингиз керак!

– Э-э, опа, бори шуми? – беписанд кулди «ходим». – Ўғлингизнинг устидан битта шикоят ёзиб берсангиз кифоя. – Кимга ёзай, ўргилай? Ия, буёғини ўйламабди-ку! Шаҳар прокурорини танимаса. Дарҳол ўзини тутиб олган Анвар киприк қоқмай навбатдаги ёлғонини тўқиди: – Навоий шаҳри прокурори Илҳом Маҳмудов номига ёзинг!

Аёл аризани ёзиб берди. Анвар эса аёл узоқлашар-узоқлашмас қоғозни ёқиб юборди. Комилова берган рақам орқали Баҳодирни ҳам топди. Унга ўзини одатдагидек таништириб, онаси унинг устидан ариза бергани, ариза юзасидан гаплашиб олиши кераклигини айтди.

Баҳодир айтилган вақтда белгиланган жойга келди. «Масъул
ходим» ўзини сипо тутганча, вазиятни тушунтирди: онаси ёзган
аризани ўзаро келишган ҳолда ҳал қилиш мумкин, акс ҳолда унга нисбатан чора кўради.

Баҳодир онасининг бу қилмишидан аччиқланса-да, бу оилавий масала экани, уни онаси билан келишиб ҳал этишини айтди-ю хайр лашди. «Прокурор»-нинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Ўлжани қўлдан чиқарганига ўкинди. Аммо Б.Комилова сентябрь ойи бошларида яна «масъул ходим»ни йўқлади. Маълум бўлишича, уй машмашаси катта жанжалга айланган.
– Ука, тез етиб келиб шу масалани ҳал қилмасангиз бўлмайди!
Анварнинг сўна бошлаган умид лари чўғланди. Энди маҳкам туриши, фурсатни қўлдан бой бермаслиги керак! Шундай бораверса, иш ўхшамай қолиши мумкин. Ахир прокурорлар махсус либосда юришади-ку!

Бу формани қаердан топади? Ҳечам иложи йўқмикан?.. Ҳарбийларнинг яшил рангли кийи мини кийиб олса-чи? Шунча пайт дан бери ноғорасига ўйнаб келаётганлар албатта ишонишади, номериям таъсирли чиқади.

Айтилган жойга етиб борса, дарҳақиқат, жанжал авжида. Анвар у деб кўрди, бу деб кўрди, биров унга қулоқ солмади. Шунда махсус кийимдаги «масъул ходим»:
– Бу масалани ўзаро ҳал қила олмадингиз, энди қонуний ҳал қиламиз! – деганча шахдам қадамлар билан уйдан чиқиб кета бошлади. Аммо ичида орқасидан биров келиб уни тўхташини жуда хоҳларди. Қай томон бўлсаям барибир! Шу пайт Баҳодирнинг ўғли Сарвар уни тўхтатди.

Бу машмаша йигитни ҳам бездиргани учун «прокуратура ходими»га ялинди: – Ака, бу масалани тезроқ ҳал қилиб беринг!

«Ходим» албатта ёрдам бера олишини, лекин бунинг харажати борлигини, агар 7 миллион сўм берадиган бўлишса, танишлари орқали бу ишни уларнинг фойдасига ҳал қилиб беришини сўзлади. Сарвар рози бўлгандек кўринди.
– Унутманг-а, пулни кечгача тайёрлаб бериш керак! – деди хайрлашаётиб «ходим». Аммо уни кечқурун нима кутаётганини ўзи билмасди…

Судда гувоҳлик берган Б.Комилов 2019 йилнинг декабрь ойига қадар оиласи билан Навоий шаҳри Пушкин кўчасидаги кўпқаватли уйда яшаб келгани, онаси эса укаси билан бирга Ҳамза кўчасидаги уйда яшаганини айтади. Бир куни онаси билан укаси Баҳодирни чақириб, унга ҳовлини у яшаб келаётган квартирага алмаштиришини айтишади. Баҳодир рози бўлгач, нотариал идора орқали олди-сотди шартномасини расмийлаштириб, оила аъзолари билан ҳовлига кўчиб ўтади. 2020 йилнинг февраль ойида синглиси Ш.Комилова икки фарзанди билан турмуш ўртоғидан ажрашиб келгач, улар билан шу ҳовлида яшашни бошлайди. Сўнг онаси ҳовлининг 3 сотихини синглисига расмийлаштириб беришни талаб қила бош лайди. «Ҳовлининг ярмини барибир қизимга олиб бераман» деган хаёлда у «прокуратура ходими»га қаттиқ ишониб юборганди.

Анвар ҳар икки томонни ҳам алдаб, онадан ҳам, ўғилдан ҳам пул ундириб ғойиб бўлишни ўйлаганди. Аммо иш у кутгандек якунланмади. Сарвар «ходим»-нинг ҳаракатидан шубҳаланиб, у ҳақда суриштирди. Бундай ходим тизимда ишламаслигини билиб олгач, тегиш ли жойга мурожаат қилди. Фирибгар 5 миллион сўм пулни санаб олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга тушди.

Суд А.Самадовни айбдор деб топиб, жазо тайинлади. Жазони ўташ жараёнида Анвар дунёда ҳалол яшаш, пешона тери эвазига ризқ топиш қадрини, эл-юртга фирибгар эмас, диёнатли инсон сифатида танилиш завқини англаб етса ажабмас…

Шавкат ЖУРАБЕКОВ,
Навоий вилояти прокурорининг
катта ёрдамчиси