“Кетса, қайнатамдан кетибди-да”

10:30 - 21.04.2021

5

Инсон ҳамиша тўкин ҳаёт кечиришни хоҳлайди. «Abdurahmon trade center» МЧЖ 2019 йилда давлат рўйхатидан ўтиб фаолиятини бошлаганида ҳаммаси рисоладагидек эди. Жамият савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Раҳбар Раҳмон Ҳалимов оилавий шароитидан келиб чиқиб таъсисчи сифатида куёви Улуғбек Икромовга барча масъулиятни топшириб қўйди.

«Abdurahmon trade center»дагилар жиноий тил бириктириб, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги «Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 306-қарори, 2002 йил 5 августдаги «Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 280-қарори талабларини бузиб, назорат-касса машинаси ўрнатмасдан ва ДСИдан рўйхатдан ўтказмасдан, инкассация шартномаси тузмасдан 2019 йилнинг июнь-август ойларида МЧЖнинг асосий ҳисобрақамидан 2 млрд. 550 млн. 611 минг сўм пулни МЧЖнинг корпоратив картасига кўчириб, пластик карта орқали ҳар хил товарларни сотиб олиб нақд пулга сотган. Бироқ тушумни банкка кирим қилмаган.

Бундан ташқари МЧЖга умуман дахли бўлмаган одамларнинг манфаатини кўзлаб 2019 йил февраль-август ойларида авиачипта учун 115 млн. 546 минг сўм пул кўчириб, солиқ агенти сифатида тўлаши лозим бўлган 13 млн. 866 минг сўм даромад солиғини тўламаган. Р.Ҳалимов бошқа шахслар (шу жумладан, марҳум У.Икромов) билан тил бириктириб, Бухоро шаҳар ДСИга тақдим қилинган қўшилган қиймат ҳисоботлари ва регистрида кўрсатмасдан 332 млн. 688 минг сўм қўшилган қиймат солиғини тўламаган.

Ҳуқуқбузарлар Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 18 февралдаги ҳал қилув қарорига асосан «Abdurahmon trade center» МЧЖнинг банкрот деб топилишига ҳам эришишган. Аммо қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади. “Кетса, қайнатамдан кетибди-да”, деб хомхаёл қилган куёв қонундан қочиб қутилиб бўлмаслигини бугун тушуниб етди. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилган Р.Ҳалимовга нисбатан ҳар ойлик маошининг 10 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан уч йилу бир ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.