Бўкиб қолган бўлка нончи

18:00 - 20.04.2021

11

Пандемия туфайли 2020 йилнинг апрелидан ун биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиладиган бўлди. Шу тариқа ун дўконлар, нон ва макарон ишлаб чиқарувчи корхоналарга рўйхат асосида етказиб берилган. Рўйхатни эса ҳудудлардаги ҳокимликлар тузиши белгиланган. Мана шу жараёндан бўлка нон ишлаб чиқарувчи ўртачирчиқлик тадбиркор Мунира Ҳакимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўз манфаати йўлида фойдаланиб келаётгани фош этилди.

М.Ҳакимованинг тўртта нонвойхонаси бор эди. Шунингдек, у таниши Махфират Шарипованинг номига очилган иккита нонвойхонани ҳам ўзи бошқарарди. Ун сотиб олиш жараёни биржага ўтказилгандан кейин у Самира Дадаеванинг номига яна 20 та, Мўмин Салимовнинг номига эса 10 та бўлка нон ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖ очади.

Бунга гувоҳ бўлганлар «Барака топсин, аҳолини нон билан таъминлашдек савобли ишга қўл урибди» дейишлари тайин. Аммо М.Ҳакимованинг 36 та нон цехини ташкил этишдан мақсади умуман бошқа эди.

Хуллас, у шериклари М.Шарипова, С.Дадаева ва М.Салимов билан тил бириктириб, нон ишлаб чиқариш ҳажмини аслидагидан кўп қилиб кўрсатиб, биржадан ун сотиб ола бошлайди. Ваҳоланки, биржада ун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами таъминоти учун мўлжалланган ун фондидан сотилаётган эди. Бу унлар маҳалла оқсоқолининг рўйхати асосида камбағал оилаларга етказилиш лозим эди. Бироқ М.Ҳакимова биржадан олган унини қимматроқ нархда турли шахсларга нақд пулга сотиб юбораверади. У бу каби қонунга хилоф ишларини 2020 йилда ҳам давом эттиради. Фаолияти давомида бу шахслар савдодан тушган 20 млрд. 600 млн. 919 минг сўм пулни банкка топширмасдан ўз эҳтиёжига сарфлашади.

М.Ҳакимова шериклари билан МЧЖларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини ўзида акс эттирган ҳисоботларни сохталаштиради. Оқибатда бюджетга тўланиши шарт бўлган 449 млн. 133 минг сўмдан ортиқ солиқларни тўлашдан бўйин товлашган.

Қинғир иш бир куни ташвиш келтириши тайин. Департамент ҳамда солиқ идоралари ўтказган текширишларда М.Ҳакимова ва шерикларининг қонунга хилоф ишлари фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ тумани судининг ҳукми билан М.Ҳакимова, М.Шарипова, С.Дадаева ва М.Салимовга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.