“Бу боғ бир дардисар бўлди…”

14:00 - 20.04.2021

9

Холмурод Бобоев таниши Аъзамнинг боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил этгани ва давлат рўйхатидан ўтганини эшитгач, хаёлига келган ўйдан хурсанд бўлганича уни излаб топди.

– Боғ учун ажратилган ерга сув чиқмас экан, – деди ҳафсаласизлик билан Аъзам. – Кўчат учун ҳам пул керак… Кўчатни экканингдан кейин сув бўлмаса, шунча харажатга тушиб қолаверасан. Хуллас, бу боғ бир дардисар бўлади шекилли…

Холмурод унга далда берган бўлди. Аслида эса дилидаги нияти бошқа эди. Кейин мақсадга ўтди: “Бўлмаса фермер хўжалигингни мен сотиб оламан, оғайни!”

– Менга муҳр ва штампни берсанг, бироз ишларни юргазгач, сен билан ҳисоб-китоб қиламан, бўладими?! Ўшанда фермер хўжалигини ҳам бирйўла номимга оламан…

Шундоқ ҳам хўжаликнинг иши юришиб кетишига ишонмай қўйган Аъзамга бу таклиф маъқул келди. Ҳеч иккиланмай хўжаликнинг муҳри ва штампини ошнасига бериб юборди. Холмурод муҳр ва штампни қўлга киритгач, жиноий шериги, ўзлаштиришнинг пири бўлиб кетган, судланиб ҳам кўзи очилмаган Арслон Мадиевнинг ёнига борди. Иккиси тил бириктирган ҳолда аввал Холмурод мазкур фермер хўжалигининг раҳбари эканини тасдиқловчи сохта буйруқ тайёрлашди. Сўнг хўжаликнинг ҳисобрақамини «Агробанк»нинг Тўрақўрғон филиалидан Косонсой филиалига кўчиришди.

Кейин банкка имтиёзли кредит ажратиш юзасидан мурожаат этишди. 2018 йил 28 декабрда йиллик 7 фоиз устама тўлаш шарти билан 36 ой муддатга «мевали кўчатлар сотиб олиш учун» 300 млн. сўм кредит олишга эришишди. «Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади» деганлари шу бўлса керак-да?

Амалдаги қонунчиликка кўра Холмурод ўзига тегишли корхона балансидаги иншоотларни кредит таъминоти сифатида қўйиши, етмаган қисмига эса суғурта полиси тақдим этиши лозим эди. Буни қарангки, Холмурод бу борада ҳам устомон эканини кўрсатди. Кредитни ҳеч қандай гаров таъминотисиз олди.

Холмурод шу куннинг ўзидаёқ фермер хўжалиги ҳисобрақамига тушган 300 млн. сўм пулни жиноий шериги Арслон Мадиев раҳбарлигидаги жамият ҳисобрақамига ўтказиб юборди. Иккови бу пулни нақдлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юраверди. Жамиятдан 2018 йил 29 декабрда 5000 туп бодом, 5000 туп олма, 5000 туп шафтоли, 5000 туп гилос кўчати олингани тўғрисидаги сохта фактура эса уларнинг қилмишини «ёпди». Ҳатто Холмурод кредит юзасидан мониторинг ўтказиш учун келган банк мутахассисига жиноятини яшириш мақсадида ўзига тегишли 3,4 гектар ерга экилган мевали кўчатларни кўрсатиб, уни ишонтирди.

Орадан маълум вақт ўтгач, кредит мақсадсиз сарфлангани аниқлангач, икки шерикка нисбатан жиноят иши очилди ва улар суд ҳукми билан жавобгарликка тортилди. Кредитни ҳам қайтаришди, катта миқдорда жарима ҳам тўлашди.