Ким кимни алдаяпти?

12:00 - 20.04.2021

14

ЧОРВА КРЕДИТЛАРИ ЎЗИНИ ОҚЛАЯПТИМИ

Ҳамкасбларимиз билан тушлик қилиш мақсадида ишхонадан чиқиб кетаётганимизда остонада одмигина кийинган аёл ёнимизда кетаётган раҳбар аёллардан бирига юзланди.
– Опа, сизни бир дақиқага мумкинми? – деди ийманибгина. – Сизни бир неча марта излаб келиб тополмадим. Ҳатто уйингизга ҳам бордик, дарвозангизни ҳеч ким очмади.
– Вой, нега уйимга борасиз? Ҳар куни ишдаман-ку, – деди опа зардали овозда. – Ўзи нима гапингиз бор? Тушлик қилишга кетаётгандик. Шундай вақтда ҳам безовта қиласизлар. Ҳа, майли, бемалол гапираверинг.
– Шахсий масалада эди, опа. Ўзингиз билан гаплашсам
бўладими?
– Менинг ҳеч кимдан яширадиган сирим йўқ, гапираверинг.
«Аёллар дафтари»да турасизми? Сизга нима ёрдам керак?
– Йўқ. «Аёллар дафтари»да турмайман. Мен банкда ишлайман. 2020 йил март ойида чорвачилик қилиш мақсадидаолган кредитингизнинг ўзи тугул фоизини ҳам тўлаганингиз
йўқ. Шунга олти ойдан буён сизни излаймиз. Ишхонангиз
ҳам, телефон рақамингиз ҳам ўзгариб кетибди. Шу кредитингизни тўланг, опа. Акс ҳолда суд га чиқаришга мажбур бўламиз. Ҳар ҳолда давлатнинг омонат пули.
– А, йўқ… Ҳозир, шошманг.
Сизлар бораверинглар, изларингдан етиб оламан, – дея опа кимгадир қўнғироқ қила бошлади.
– Тавба, давлат ишида ишлаб туриб, олган кредитини бир йилдан буён тўламай юрган бўлса-я, – дейди ҳамкасбларимиздан бири. – Давлатнинг пулини олганингдан кейин ўз вақтида тўлаб қўй. Отнинг калласидек ойлик олсанг. Банк ходимиям боплади. Бунақа раҳбарчаларни ана шундай қилиб бурнини ерга ишқаш керак.
– Нега унақа дейсиз, опа?
Бир хонада ишлайсиз-ку, – дейман хижолат билан. – Вақтида
тўлашга имкони бўлмагандир.
Чорва боқиш ҳам осон эмас. Чорва озуқаси жуда қимматлиги ҳаммамизга аён-ку. Олаётган маоши рўзғордан, чорванинг озуқасидан ортмаётгандир балки.
– Вой-вой, ёнини олманг.

Аслида опангиз олган кредитига ҳеч қандай мол олгани йўқ. Аксинча, мансабидан фойдаланиб, бир эмас, учта банкдан нақд пулда кредит олиб, данғиллама тўй қилди. Қолганига чет элнинг мебели билан куёвига машина олиб берди.

Афсус, данғиллама тўйи ҳам, куёвига олиб берган мебели-ю машинаси ҳам қизига бахт бермади. Уч ой аввал куёви «Бетарбия, бетгачопар қизингиз билан яшамайман» деб қизини уйига ташлаб кетди. Ўртада давлатдан олган анча-мунча кредитга куйди холос. Ана энди банк ходимларини ортидан эргаштириб, олган кредитини тўлашга қийналиб юрибди. Тўғриси, ўйланиб қолдим.

Мутасадди раҳбарлар олган кредитини тўлашга қийналаётган
бўлса, ҳеч қаерда ишламаётган фуқаролар чорвачилик билан шуғулланаман дея олган кредитини қандай тўлаётган экан-а?!

Давлатнинг пулини олиш осон, чунки барча банкларда йўналишини танласангиз истаганингизча кредит олиш имконияти бор. Аммо… Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури асосида чорва йўналишида аҳолига берилаётган кредит Сурхондарё вилояти бўйича фақат Шўрчи туманида берилмай турганининг қандай сабаби бор?» деган мазмундаги хабарга кўзим тушди. Хабар юзасидан ҳар ким ўз фикрини баён этди. Кимдир «Чорва кредити ўзини оқламаяпти» деса, биров «Кредит олгунча ҳамма танишини ишга солади, тўлашга келганда эса думини тутқазмайди» дейди. Яна кимдир «Чорва боқиш осон эмас, ем жуда қиммат. Олинган кредит ўзини оқламайди. Бунинг устига таъминотчилар молим чет элники дея бозорда 3 миллионга сотиладиган чорвани кредит ҳисобида 6 миллионга сотади. Бойигандан таъминотчилар бо йиб кетаяпти.

Бечора халқ эса олган кредитини тўлашга қийналаяпти» дея
фикр билдирди.

Юқоридаги мурожаатни ўрганиш ва унга муносабат билдириш вазифам бўлгани учун тумандаги банкларга бордим.

Айни вақтда банклар аёллар ва ёшлар дафтарига киритилган фуқароларга тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчилик билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредит ажратаётганига, фуқароларнинг аксарияти иссиқхона, тикувчилик, паррандачилик ҳамда ишлаб чиқаришни йўлгақўйиш мақсадида кредит сўраётганига гувоҳ бўлдим. – Тўғрисини айтсам, кредит олмасликни тавсия қиламан, – дейди Нормўмин Шарипов.

–Икки йил аввал фарзандларим асаларичиликни ривожлантириш мақсадида 8 фоизли кредит олганди. Ёзда айни асал олиш вақтида барча фермерлар далага қурт-қумурсқаларга қарши дори сепгани учун бизнинг ариларимиз қирилиб кетди. Бир амаллаб асраб қолган ариларимиздан бир чимдим асал оламиз деб турганимизда эса қиш бошланди. Бу йил асаларичиликни бир амаллаб тикладик. 8 фоизли кредитни тўлаш азоб экан, 14 фоизлисини тўлаш жуда қийин бўлса керак. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, таъминотчилар четдан олиб кирган чорванинг тирик вазни 50-60 минг сўмдан бўлгани сабабли банк берган имтиёзли кредит ҳисобига биттагина қорамол олишга тўғри келмоқда. Бундан кўриниб турибдики, чорва кредитини олган одам умуман фойда кўролмайди. Шунинг учун аксарият фуқаролар чорва кредити олиш ўрнига иссиқхона қуриш, тикувчилик, паррандачилик, қандолатчиликни йўлга қўйишга интилаяпти.

–Ҳақиқатан ҳам 2020 йили февраль ойида чорвачиликни ривожлантириш мақсадида кредит олгандим, – дейди Бекзод Ҳакимов. – Менга чорвани беришни ваъда қилган таъминотчи пулни ҳисобрақамига ўтказдириб олгач, «молларим чет элдан март ойининг охирида келади» деди. Аммо карантин бўлиб қолиб моллар етиб келмади. Май ойида таъминотчи менинг номимга чиққан 42 миллион сўмлик кредит ҳисобига уйида боқилаётган иккита қорамол берди.

Олган молимни 8 ой боқиб бозорга чиқарганимда ҳар бирини олган нархимдан жуда арзон сотдим. Олган кредитимнинг фоизини-ку тўладим. Асосий қисмини тўлашга эса қийналаяпман.

Тумандаги банклардан 2020 йилда чорвачилик учун кредит олган аксарият фуқаролар ҳануз кредитнинг ўзи тугул фоизини ҳам тўламаганига нима дейсиз? Банк ходимлари билан бирга беш кишининг уйига борганимизда улар таъминотчи молни бозор баҳосидан анча қиммат ҳисоблаб етказиб берганини айтиб, кредитини тўлолмаётганини маълум қилди.

Хусусан, «Агробанк»нинг Шўрчи тумани бўлими 2020 йилда 400 кишига чорвачиликни ривожлантириш учун 8 млрд. 300 млн. сўм кредит берган. Бугунги кунда эса 256 нафар фуқаро кредитнинг ўзидан 319 млн. 195 минг сўм, фоиз тўловидан эса 72 млн. сўм қарздор. Туман «Халқ банки»дан эса 809 киши чорва кредитини олган. Бугунги кунда 74 нафарининг муддати ўтган асосий қарзи 156 млн. сўм, фоиз тўловларидан қарзи эса 92 млн. сўмлиги аниқланди.

Кўриб турганингиздек, чорва дорларга ҳам осон эмас. Демак, мутасаддилар муаммога бошқача ёндашиши талаб этилади.

Нигина ШОЕВА,
журналист