Эҳтиёт бўлинг: нуфузли идораларда ҳам фирибгарлар бор

16:30 - 20.04.2021

13

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси маълумотига кўра сўнгги уч йилда хорижий олий таълим муассасалари дипломини нострификация қилишга оид аризалар сони 5,3 баробар кўпайган. Бу каби аризаларнинг қарийб 73 фоизини қўшни мамлакатларда таҳсил олган шахслар бермоқда.

Шунингдек, таъкидланишича, амалдаги таълим тизимимизга мос равишда таълим олган талабгорларнинг дипломлари муаммосиз тан олинади. Бунда кундузги бакалавр таълим шакли 4 йил, сиртқи бакалавр 5 йил, магистратура таълими 2 йил бўлиши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги  «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартибини такомиллаштириш ҳақида»ги низомига биноан, маълум тартибда ўқиганларнинг ҳужжатлари синовларсиз, тўғридан-тўғри тан олинади. Яъни «QS World University Rankings» халқаро ташкилоти ҳар йили эълон қиладиган олий таълим муассасалари рейтингида биринчи мингталикка киритилган ўқув муассасаларини битирган ҳамюртларимизнинг дипломлари махсус синовларсиз нострифиция қилинади.

Республикамизда нострификация қилишга оид аризалар сонининг ошиб бориши бу борадаги фирибгарлик ҳам кўпайишига сабаб бўлмоқда. Яқинда битта жиноий гуруҳнинг қилмишларига чек қўйилди.

Фирибгарларнинг орасида юртимиздаги нуфузли идораларнинг ҳам ходимлари борлиги афсусланарли ҳолдир. Жумладан, жиноий гуруҳга уюшган шахслардан бири Наврўз Шукуров Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг ёрдамчиси лавозимида ишлаган, Жаҳонгир Маллабаев Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси бош услубчиси, Азамат Эшимов эса Республика маънавият ва маърифат маркази докторанти бўлган. Муслима Иброҳимова ва Муқаддас Деҳқонова мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан мижоз топиб, уларнинг пулини олиб, ушбу шахсларга етказиб туришган.

М.Иброҳимова М.Деҳқонова билан тил бириктириб, дастлаб 2019 йилнинг июль ойида М.Аширалиеванинг ишончига киришади. Унга Қирғизистондаги Қирғиз-ўзбек университети дипломини 1100 доллар эвазига нострификация қилдиришга ваъда бериб, пулини олишади. Фириб тўрига Р.Раҳмонов ҳам илинади. Уни Тожикистоннинг Хўжанд давлат университети дипломини нострификация қилдириб беришга ишонтириб, 1200 доллар пулини қўлга киритишади.

Мижозлари кўпайиб бораётган бу аёллар фуқароларнинг ишончини қозониш учун Н.Шукуров, Ж.Маллабоев ва А.Эшимовни ҳам шерик қилиб олишади. Шу тариқа бу аёллар Х.Камаровдан Тожикистон педагогика университетидан берилган дипломини нострификация қилиб бериш эвазига 1000 доллар, Х.Эгамбердиеванинг Боткен давлат университетидан олган дипломини нострификация қилиб бериш эвазига 1400 доллар пулини қўлга киритишади.

Шундан сўнг улар 2020 йил февраль ойида Н.Турсунбоева билан келишиб, унинг таниши И.Ҳамидовнинг Қирғиз-ўзбек университетидан берилган дипломини 1500 доллар эвазига нострификация қилдириб беришга ишонтиришади. Уларнинг жиноятларига айнан Н.Турсунбоеванинг ҳушёрлиги чек қўйди. Дастлаб таклифга рози бўлган аёл кейинроқ уларнинг ҳаракатларидан шубҳаланади ва тегишли жойга ариза билан мурожаат қилади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари Н.Турсунбоеванинг аризасига асосан ўтказган тадбирда М.Деҳқонова ва М.Иброҳимова аризачидан 800 доллар ва 1 млн. 900 минг сўм пулни олган вақтида ушланди. Қўлга тушган аёллар қилмишидан пушаймонлигини билдириб, бу ишда уларга кимлар ҳамкорлик қилаётганини айтишди. Шундан сўнг давом эттирилган тадбирда М.Иброҳимова ўзининг давлат идораларида ишлайдиган танишлари А.Эшимов ва Ж.Маллабоевга беш кишининг хорижий дипломини пора эвазига нострификация қилдириб бериш эвазига 8 минг доллар беради. Ж.Маллабоев пулнинг 2400 долларини А.Эшимовда қолдириб, қолганини чўнтагига солган вақтида иккови ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди. Кейин тадбир яна давом эттирилди. Ж.Маллабоев 5600 долларнинг ярмини ўзида олиб қолиб, ярмини Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясида ишлайдиган таниши Н.Шукуровга берган вақтида унинг ҳам қилмишига чек қўйилди.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Унга кўра айбдорларга нисбатан қонунда белгиланган жазо тайинланди.