Гаровдаги мулкни ҳеч ким сотиб олмади

16:00 - 19.04.2021

10

Шеробод туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 7 августдаги «Асака» банкининг 1 млн. 464 минг 189 АҚШ доллари қарзини «Zarafshon Angor» МЧЖдан ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мулкларга қаратиш ҳақидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Ангор тумани бўлимига келиб тушган ва ишга киришилган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида гаровдаги бинолар 5 млрд. 625 млн. сўм ҳамда кредит ҳисобига Хитойдан келтирилган асбоб-ускуналар 6 млрд. 250 млн. сўмга баҳоланиб «E-ijro auksion» электрон савдосига чиқарилган.

Бироқ икки марта ўтказилган онлайн савдода харидорини топмагани сабабли савдодан қайтарилган. Белгиланган тартиб бўйича Мажбурий ижро бюроси Ангор тумани бўлими «Асака» банкига ушбу мулкларни «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунга асосан ўз балансига қабул қилишни таклиф этган.

Банкнинг розилигига кўра гаровдаги мулклар 1 млн. 28 минг 541 АҚШ доллари ҳисобида банк балансига ўтказиб берилган.

Гаровдаги мулклар қарзни тўлиқ тўлаш учун етарли бўлмагани боис қарздорнинг бошқа бино ва мулклари хатланиб, ҳозир баҳолатиш ва сотиш чоралари кўрилмоқда. Сотувдан тушган пул қарзни тўлашга йўналтирилади.