МИБга чап бериб келаётган депутат

10:30 - 19.04.2021

14

Ижтимоий тармоқларда «Уйимни видеога олиб, аёлимга босим ўтказишган» – депутат ўзи ва оиласи хавф остида эканлигини маълум қилди» номли хабар тарқалди.

Маълум бўлишича, Жаҳонгир Тўлагановга нисбатан Мажбурий ижро бюросининг Чирчиқ шаҳар бўлимида иккита ижро иши мавжуд. Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 2020 йил 10 сентябрдаги қарорига асосан 2015 йил 2 июлда туғилган Б.Бозорқуловни Ж.Тўлаганов ва Х.Тўлаганованинг қарамоғидан Б.Раҳматов ва Х.Раҳматовага олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБ Чирчиқ шаҳар бўлимига 2020 йил 15 октябрда келиб тушган.

Қонун талаблари бўйича ижро ҳужжати ҳақида Ж.Тўлагановга «МИБ портал» дастурий таъминоти орқали СМС хабар юборилган ва телефон орқали бир неча марта огоҳлантирилган.13 ноябрда давлат ижрочиси томонидан олиб берилиши лозим бўлган болани қидириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, Тошкент шаҳар ИИББ ва Чирчиқ шаҳар ИИБга юборилган. 2021 йилнинг 9 февраль куни ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга борилганда бола у ерда йўқлиги маълум бўлди.

Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 22 февралдаги хатига асосан Олий суднинг 20 январдаги ажрими билан ижро ҳаракатлари тўхтатилган.

Кейинчалик Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 4 март кунги ажримига асосан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 2020 йил 10 сентябрдаги, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти суди кассация инстанциясининг 2020 йил 18 декабрдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

2021 йил 5 апрелда Ж.Тўлаганов ва Х.Тўлаганова яшайдиган хонадонга давлат ижрочиси, бюронинг вилоят бошқармаси тезкор қидирув шўъбаси инспектори холислар билан бирга борганида қидирувдаги Б.Бозорқулов уйда йўқлиги аниқланган. Х.Тўлаганова эса расмийлаштирилган далолатномага имзо чекишдан бош тортган.

6 апрель куни болани қидириб ундирувчилар маълум қилган Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Оҳанрабо кўчаси 14- «а» уй 14-хонадонга борилганда хонадон эшиклари қулфлиги, у ерда ҳеч ким яшамаслиги аниқланди ва бу ҳақида далолатнома расмийлаштирилди. Ҳозир қидирув давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, Ж.Тўлагановдан Чирчиқ шаҳар ИИББ ЙҲХБнинг 2019 йил 6 ноябрдаги қарорига асосан давлатга 111 500 сўм, 2020 йил 22 апрелдаги қарорига асосан 111 500 сўм, 24 апрелдаги қарорига асосан 111 500 сўм жарима ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари юзасидан бир неча марта огоҳлантирилганига қарамасдан у жарималарни асоссиз равишда тўламай келмоқда.

Ж.Тўлаганов халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати эканлигини важ қилиб, давлат ижрочисининг ижро ишини юритиш тўғрисидаги қарори билан ва иш ҳужжатлари билан танишиб, танишганлиги юзасидан қўл қўйишдан бош тортган. Ушбу ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар кенгашига 2020 йил 4 ноябрь куни хат юборилган.

Чирчиқ шаҳар кенгаши Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссиясининг 2020 йил 21 ноябрдаги хатида Ж.Тўлагановга Чирчиқ шаҳар кенгашининг Регламент ва доимий комиссиялар тўғрисидаги низомининг 71-моддаси талаби тушунтирилгани ва у «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига асосан юқоридаги жарималарни уч кун ичида тўлаши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилгани маълум қилинган. Афсуски, у жарималарни 2021 йилнинг 7 апрелга қадар тўламаган.

Шу ўринда халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Ж.Тўлагановни қонун талабини ва суд қарорларини бажаришга чорлаб қоламиз. Давлат ижрочиларининг ҳаракатлари ҳақида бюронинг юқори турувчи органларига мурожаат этиш лозим. Қонун олдида ҳамма тенг. Ижтимоий тармоқлар орқали асоссиз хабар тарқатиш суд қарорининг ижросини таъминлаш учун тўсиқ бўлолмайди.