Мажбуран қўйдирилган имзо

12:00 - 19.04.2021

16

ЖИНОЯТГА АЛОҚАДОР ҲАР ҚАНДАЙ ҚЎЛЁЗМА ЭГАСИГА ЕТАКЛАЙДИ

Инсоният тарихида макон ва замон танламайдиган энг олий мезонлардан бири, шубҳасиз, адолатдир. Зеро, адолат устувор бўлган жойда фаровонлик, тараққиёт бўлади, эртанги кунга ишонч ортади, юртга файзу барака келади, одамларда меҳр-оқибат кучаяди, халқнинг орзулари рўёбга чиқади. Бироқ, замонлар ўтса-да, жамиятда адолатга рахна соладиган кимсалар ҳамиша топилади. Мисол тариқасида мақолани бир воқеа билан бошламоқчиман.

2016 йилда Наманган шаҳрида яшовчи Т.Н. уйида фоҳишахона ташкил қилгани аниқланади. Шаҳар ички ишлар идораси ходимлари ўтказган тадбирда Т.Н.нинг бошқа жиноятлари ҳам фош этилади. У уйида вояга етмаган қизларни мажбуран сақлаб, фоҳишаликка мажбурлаётгани маълум бўлади. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши очилиб, тергов бошланади. Терговчи ўша ердаги қизлардан жабрланувчи сифатида кўрсатма олади. Хуллас, тергов ва судда Т.Н.нинг айби тасдиқланиб, у бир неча йилга озодликдан маҳрум қилинади. 2020 йилда Т.Н. жазо муддатини ўтаб, озодликка чиқади. Шундан сўнг у ўша пайтда ўзига қарши кўрсатма берган қизларни топади. Улар билан гаплашиб, бизга номаълум бўлган омиллар эвазига ўзи томонга оғдиради. Шундан сўнг қизлар юқори турувчи ички ишлар идорасига терговчининг устидан шикоят қилишади. Эмишки, ўша пайтда терговчи уларнинг номидан кўрсатма ёзиб, ўзи имзо қўйиб юборган. Айни вақтда вояга етган қизлар ўша пайтдаги кўрсатмаларига қўйган имзоларини тан олишмайди. Шу тариқа терговчи устидан хизмат текшируви бошланади. Биринчи масала имзоларнинг эгасига аниқлик киритиш эди. Бунга эса Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораториясида аниқлик киритилди.

Мазкур масалага қандай ойдинлик киритилгани, шунингдек лабораторияда яна қандай ишлар экспертиза қилиниши ҳақида лаборатория мудири Наргис Солиева билан суҳбатлашдик.

– Аксарият ҳолатларда ёшлар вояга етгандан кейин ҳеч қачон ёшлигида қўйиб юрган имзосидан фойдаланмайди, –деди Наргис Солиева. – Агар биз қизларнинг имзосини ҳозиргиси билан солиштириб, экспертиза ўтказсак, адолат қарор топмаслиги тайин эди. Шунинг учун ҳам қизларнинг ўша пайтда бошқа ҳужжатларга қўйган имзоларини топишга ҳаракат қилдик. Уларнинг ўша пайтдаги имзосини суднинг чақирув қоғозидан топдик. Шунингдек, улар суд биносига киришда ҳам йўқлама дафтарига имзо қўйишган экан. Қолаверса, ўша пайтларда қизлар имзо чеккан бошқа ҳужжатлар ҳам топилди. Шундан сўнг қизларнинг бу имзоларини терговчига берган кўрсатмаларидаги имзолар билан таққосладик. Шу жараёнда қизлар ҳақиқатан ҳам ўз кўрсатмаларига ўзлари имзо қўйгани тасдиқланди. Бу ишларнинг тепасида эса фоҳишахона ташкил қилгани учун жазо муддатини ўтаб чиққан Т.Н. тургани, бундан мақсади терговчидан қасос олиш экани маълум бўлди.

Гувоҳи бўлганингиздек, суд-хатшунослик экспертизаси ҳақиқатни аниқлашга имконият яратди. Унинг ёрдамида фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича аҳамиятли бўлган фактлар аниқланади. Ушбу турдаги экспертизаларни ўтказиш жуда мураккаб. Чунки ҳар бир инсоннинг ёзув-ҳаракат кўникмалари ўта мураккаб ташкилий ва руҳий-физиологик асосга эга. Масалан, жиноий ишларни дастлабки тергов ва судда кўриш жараёнида ашёвий далил сифатида иш бўйича тўпланган ҳужжатлардаги ёзувларни ёзган ёки имзо қўйган шахсни ёки айрим ҳолларда муҳим аҳамиятга эга бўлган, шу ёзув ёзилган ва имзо қўйилган шароитни аниқлаш муаммоси юзага келади. Бундай ҳолатлар айниқса ҳар хил тўлов ҳужжатларини қалбакилаштириш йўли билан жамоа ва давлат мулкини талон-торож қилган шахсларнинг айбини исботлашда алоҳида аҳамиятга эга. Содда қилиб айт ганда, қоғозга зўрлаб ёздирилган ёки имзо қўйишга мажбурланганганлик ҳолатини ҳам экспертиза аниқлаб беради. Қалбаки имзолар ҳамда муҳрлар қанчалик моҳирлик билан қўйилган бўлмасин, экспертизада буни аниқласа бўлади. Шунингдек, фуқаролик даъво ҳужжатларининг, тилхат, васиятнома ва бошқаларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш билан боғлиқ ҳолларда ҳам хатшунослик экспертизасининг аҳамияти катта.

Масалан, аввал фаолият юритган Тошкент шаҳридаги маъмурий ишлар бўйича бир нечта туман суди томонидан қабул қилинган минглаб қарорлардаги судьяларнинг имзолари лабораториямизда экспертиза қилинмоқда. Маълум бўлишича, маъмурий судларнинг ва Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг айрим мансабдорлари 2017 – 2019 йилларда жиноий тил бириктириб, пойтахтда йўл қоидасини бузган фуқароларнинг жарима учун тўлаган маблағларини турли йўллар билан ўзлаштириб келишган. Улар қои да бузиб, жаримага тортилган ҳайдовчиларга нисбатан шароитидан қатъи назар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 308X-моддасини (Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқ бузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги масалани ҳал этиш тартиби) қўллаб, жавобгарликдан озод қилиш ёки базавий ҳисоб лаш миқдорининг бешдан бир қисми миқдорида жарима қўллаш ҳақида қарор чиқариб юбораверишган экан.

Яна шуни таъкидлаш керакки, пулларни қалбакилаштириш ҳам йил сайин кўпайиб бормоқда. Бу борада ҳам лабораториямизга ҳуқуқ-тартибот идоралари кўп мурожаат қилаяпти. Ҳатто қалбаки пул тайёрловчиларнинг маҳорати ҳам ошаяпти. Масалан, лабораториямизга экспертиза учун келаётган баъзи қалбаки валюталарни унча-мунча одам аслидан умуман ажрата олмайди. Маълумки, қалбаки пулфурушлардан асосан оддий халқ жабр кўради. Яъни, етиштирган маҳсулотини ёки бир неча йил боққан чорвасини ёхуд бирор зарурат юзасидан автомашинасини бозорга олиб чиқиб сотаётган одамлар бундай жиноят ортидан кўпроқ жабрланмоқда. Қалбаки пуллар асосан бозорларда муомалага киритилаяпти. Шунинг учун ҳам қонунда мазкур жиноятга нисбатан жазо чораларини қатъийлаштиришни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Суд-хатшунослик экспертизасининг предмети экспертнинг ваколатига тегишли факт ва ҳолатларни аниқлашни назарда тутади. Ушбу ваколатлар идентификацион ва ноидентификацион турдаги саволлар мажмуи билан қатъий равишда чегараланган. Экспертиза хулосалари суд-хатшуносликда мавжуд бўлган, мос ҳолдаги илмий ишлаб чиқилган ва тажрибада синалган тадқиқот методларини қўллаш орқали чиқарилади. Шунинг учун эксперт суриштирувчи ва терговчининг экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарори ё суднинг ажримини олгандан сўнг биринчи навбатда ўз олдига қўйилган саволлар моҳияти билан танишиши, уларнинг ўз ваколатига мос келиши ёки келмаслигини аниқлаши лозим.

Хулоса қиладиган бўлсак, жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда экспертлар, суриштирувчилар, терговчилар ва бошқа ходимлар турли хил қўлёзмалар билан тўқнашади. Ҳар қандай қўлёзмага уни ёзган инсон ҳақида маълумот берувчи манба сифатида қараш мумкин. Қўлёзмалар воқеа содир бўлган жойдан топилиши, гувоҳлар, жабрланувчи тақдим этиши, почта орқали олиниши мумкин. Жиноят ишига қайси йўл билан тушишидан қатъи назар, тергов олиб борилаётган ҳодисага алоқадор ҳужжатни ёзган одамни аниқлашда бизнинг лабораториямиз ўзининг адолатли хулосасини беради.

Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»