Қўшма қарор амалда: қўлтиқтаёқ керакми ёки ҳасса?

18:00 - 16.04.2021

23

Жамиятда ҳамма бир хил бўлмайди. Бировлар ёрдамга, меҳрга муҳтож бўлади. Уларга кўп нарса керак эмас, озгина ҳаракат билан ҳаёти ўзгариб кетиши мумкин. Шундай экан, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак.

Самарқанд вилояти прокуратураси органлари ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамкорлигида ёлғиз яшовчи кишиларга ижтимоий хизмат кўрсатиш ва муҳтожларнинг протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация воситалари билан таъминланишини ўрганиш тўғрисида қўшма қарор имзоланди. Мазкур тоифадаги шахсларни аниқлаш мақсадида маҳалла фаоллари ҳамда сектор аъзоларини жалб қилган ҳолда гуруҳлар тузилди.

Шунга кўра вилоятда рўйхатга олинган 1747 нафар ҳамда қўшимча аниқланган 76 нафар, жами 1823 кишининг яшаш шароити, таъминоти, соғлиғи, уларга қандай ижтимоий хизматлар кўрсатилаётгани ҳамда протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация воситалари билан таъминланиши ўрганиб чиқилди.

Натижада 452 киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, врач рецепти асосида 602 кишига дори-дармон етказиб берилди. 59 киши стационар, амбулатор ва уй шароитида даволатилди. Шунингдек, 288 та ҳасса, 191 та ногиронлар аравачаси, 99 та эшитиш мосламаси, 58 та қўлтиқтаёқ, 22 та юриш мосламаси ва 11 нафарига кийим-кечак олиб берилди.

Тадбир давомида 52 кишининг уйига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, 67 нафарининг уйини таъмирлаш чоралари кўрилди. 21 кишига электр, табиий газ, солиқ ва алоқа хизмати бўйича қарзларини тўлашда, 274 нафар фуқарога бошқа турдаги ёрдам кўрсатилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.