Прокурорлар деҳқонободликларни нега йўқлади?

13:30 - 16.04.2021

21

Бўстон туманидаги Деҳқонобод маҳалласи Амир Темур кўчасида яшовчи М.Усмонова узоқ йиллар уйсизликдан қийналди. Биров унга ёрдам берай демасди, аммо бир куни уни прокурорлар йўқлаб келди.

“Нима муаммонгиз бор, опа?”, дейишганида М.Усмонова 2-сектор мутасаддиларининг мурувватидан умид қилди.  Орадан ўтган қисқа фурсатдан сўнг унинг кўзларида яна ёш қалқиди. Аммо бу сафар мўъжазгина бошпанаси борлигидан, яхши инсонлар кўмагидан миннатдор бўлиб севинч ёшларини тия олмади.

Сектор мутасаддилари ёрдамида бундай саховатдан баҳраманд бўлганлар кўп. Мурувват кўчасида яшовчи А.Ҳомидов ҳам шулардан бири. Унга ҳам 2-сектор раҳбари ташаббуси билан икки хонали, Наврўз маҳалласи Илғор кўчасида яшовчи Б.Неъматуллаевга уч хонали уй қуриб берилди.

Бўстон тумани прокуратураси ходимлари мурожаатлар билан ишлашда жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бундан ташқари, туманнинг 2-секторидаги «ёшлар дафтари»га киритилган 48 кишига 1 млрд. 284 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди. 30 киши, шунингдек, «аёллар дафтари»га киритилган 20 нафар аёл иш билан таъминланди.

Бундан ташқари, сектор раҳбарининг ташаббуси билан Халқобод маҳалласида яшовчи М.Рўзиева ва М.Қодирова 50 млн. сўм пул сарфлаб маҳалладаги бўш турган бинони таъмирлашди. Етмаганига банкдан 28 млн. сўм кредит олишди. 12 та тикув машинаси сотиб олгач, 17 та иш ўрни яратиб, тикувчиликни йўлга қўйишди.

2019 йил 17 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган бўлиб, туман прокуратураси унинг ижросини назорат қилиб келмоқда. Жумладан, Бўстон тумани ҳокимининг 2019 йил 10 декабрдаги 2305-қарори билан Улуғбек массивидаги қишлоқ хўжалиги харитаси 31-қ контуридан 19,3 гектар ер фуқаро Р.Сайдалиевга сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил этиш учун ажратилган.

Фармон ижроси юзасидан ўтказилган назорат тадбирида «Экспорт» фермер хўжалиги раҳбари Р.Сайдалиев контурнинг 0,12 гектар ерини ўзбошимчалик билан эгаллаб, 5 сотихида иморат қуриб олгани аниқланди. Туман прокуратураси мазкур бинони Р.Сайдалиев ҳисобидан буздириш ва ерни қайтариш хусусида Бўстон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди.

Бундан ташқари, фуқаро У.Бобожонов ҳам «Экспорт» фермер хўжалигига тегишли 31-қ контурнинг 5 сотих ерини ўзбошимчалик билан эгаллаб, иморат қуриб олгани маълум бўлди. Унга нисбатан ҳам судга юқоридаги каби даъво аризаси киритилди.