Яширин иш ўринлари легаллаштирилади

10:30 - 16.04.2021

38

Карантин даврида Хоразм вилоятидаги 8923 та тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатган эди. Бугунги кунда уларнинг фаолияти тўлиқ тикланиб, 83399 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга эришилди.

Бу рақамлар Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Хоразм вилояти прокуратураси органлари томонидан коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари ижроси вилоят давлат солиқ хизмати органларида ўрганилганда ўртага чиқди.

Пандемия шароитида Хоразм вилоятидаги 25836 та тадбиркорлик субъектига 80,7 млрд. сўмлик солиқ имтиёзи берилган, яъни шунча субъект солиқ тўлашдан озод қилинган. 13074 та солиқ тўловчининг 153,4 млрд. сўмлик солиқни тўлаш муддати кечиктирилган.

Шунингдек, иқтисодий қийинчиликка учраган 10721 та корхона ва ташкилотнинг 33,6 млрд. сўмлик солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари тўхтатилди. Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарорига асосан 105 та корхонанинг 2,6 млрд. сўмлик солиқ тўлови муддати кечиктирилди.

Бундан ташқари, пандемияни инобатга олган ҳолда 10488 та корхонанинг солиқ қарзига ҳисобланган 2,3 млрд. сўмлик пеня ҳисобдан чиқарилди.

Бу йил 8 мингта тадбиркорлик субъектини ташкил қилиш ва яширин иш ўринларини легаллаштириш бўйича режа ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, яширин иқтисодиётга қарши курашилмоқда. Масалан, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 16978 та субъектдан 15061 таси электрон ҳисобварақ-фактуралардан (ЭҲФ) фойдаланишга ўтказилди.

Умуман, гуруҳнинг Хоразм вилоятидаги фаолияти самарали бўлиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимлари оширилди. Уларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берилди.