МИБ бошқармаси бошлиғи қатъий топшириқ олди

11:30 - 16.04.2021

18

Пахтакор туманида яшовчи тадбиркор Рустам Умаров 2017 йилда Андижон ва Наманганда бажарган ишлари учун 150 млн. сўмлик хизмат ҳақини ололмай сарсон бўлаётган экан. Янгиқўрғон туманлараро ва Наманган вилояти судлари унинг фойдасига қарзни ундириш бўйича қарор чиқарган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар ундирилмаётгани тадбиркорнинг ҳафсаласини пир қилганди.

Р.Умаров бу ҳақда давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Исломов раҳбарлигида ташкил этилган республика гуруҳининг Жиззах вилоятидаги сайёр қабулида шикоят қилди.

Мазкур гуруҳ таркибида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори Шухрат Узаков ҳам бўлиб, унинг Жиззах вилоятидаги сайёр қабуллари Мирзачўл, Пахтакор, Бахмал, Зомин туманлари ва Жиззах шаҳрида бўлиб ўтди.

Оммавий қабулда мазкур шаҳар ва туманлар ҳамда Арнасой, Дўстлик, Зафаробод, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод, Зарбдор туманлари аҳолиси қамраб олинди. 8-10 апрель кунларидаги қабулларда тингланган 166 та мурожаатнинг 21 таси жойида ҳал қилинди. Хусусан, Р.Умаровнинг шикояти бўйича Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғига қисқа муддатда қарзни ундириш юзасидан телефон орқали қатъий топшириқ берилди.

Мирзачўл тумани ҳокимлиги биносида Мирзачўл, Арнасой ва Дўстлик  туманларидан келган аҳоли билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг дардлари ва муаммолари эшитилди. Шу билан бирга қабул давомида «аёллар дафтари»даги бир қатор хотин-қизларга тикув машинаси, ногиронларга аравачалар тақдим этилди.