235 киши сектор кўмагида иш топди

17:30 - 15.04.2021

8

Жузимзар маҳалласидаги «Alyans» корхонаси прокуратура ёрдами билан банкдан 200 млн. сўм кредит олди. Маблағ аҳоли учун жуда зарур соҳага йўналтирилди, яъни стоматология шифохонаси ташкил қилинди. «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури асосидаги ушбу саъй-ҳаракат туфайли 7 та янги иш ўрни яратилди.

Дарҳақиқат, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани прокуратураси томонидан давлатимиз раҳбари раислигида 2021 йил 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар асосида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар 235 киши иш билан таъминлангани ҳам шулар жумласидан. Улардан 16 нафари ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Ёшларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 133 кишига 3 млрд. 532 млн. сўм кредит берилди, натижада 144 та иш ўрни яратилди. 1385 нафар ёшга 526,3 га ер ажратилди. Тадбиркор ва ҳунармандларга 35 нафар ёш бириктирилди.

Туман прокурорига бириктирилган 2-секторда 45 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, 14 нафари ўқув марказларида ўқитилди, 12 кишига 575,9 млн. сўм кредит ажратилди.

Новвойлик қилиш истагида бўлган Х.Маткаримовга 20 млн. сўм, тикувчи Й.Алламбергеновага 7 млн. сўм имтиёзли кредит олишида ёрдам кўрсатилди. Энди бу ёшлар севимли ишидан рўзғорига даромад келтиради.

Ҳамро Раметовга пандемия даврида субсидия асосида иссиқхона қуриб берилган бўлса, унинг турмуш ўртоғи Ҳурлиман Жиемуратова 10 млн. сўм имтиёзли кредит олиб, уйида тикувчилик билан шуғулланишига кўмаклашилди. Ҳозир бу бахтли оиланинг орзу-мақсадлари янада улкан.