Кураш — халқаро қиёфамиз ифодаси

14:30 - 15.04.2021

8

Миллий спортимизнинг жаҳон бўйлаб ёйилиши, “ҳалол”, “чала”, “ёнбош” каби сўзларнинг дунё ареналарида жаранглаши кимни ғурурлантирмайди дейсиз? Яқинда кураш ривожига хизмат қилувчи яна бир хайрли ҳаракат бўлди.

12 апрель куни Ўзбекистон кураш федерацияси раиси Ниғматилла Йўлдошев Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон билан учрашди.

Учрашувда буюк аждодларимиздан мерос қолган курашнинг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, ўзбек спортининг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, курашни мамлакат ва халқаро миқёсда ривожлантириш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, келгусида курашнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириб, Халқаро кураш ассоциациясининг «GAISF — Global Association of International Sports Federations» ташкилотига аъзо бўлишига эришиш бўйича ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олинди.

Тадбирда курашни халқаро майдонда ривожлантириш орқали Ўзбекистоннинг жаҳон спорт майдонидаги имижини юксалтириш, миллий спортимизни ёзги олимпия ўйинлари дастурига киритиш барчамиз учун долзарб вазифа эканлиги таъкидланди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда ўзбек миллий курашини ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилишга келишилди.