Ҳақорат сўзларни йиғиб луғат қилишмоқчи

16:30 - 15.04.2021

24

Ўзбек тилига доир луғатлар яна биттага кўпаядиган бўлди. Таъкидлаш жоизки, она тилимизда гўзал ва маънодор сўзлар билан бирга, инсонни таҳқирловчи, камситувчи, шаънини булғовчи бирликлар ҳам бор. Мутахассислар ҳақорат сўзларни тўплаб луғат қилишмоқчи. Нега? Бу сўзларнинг кимга кераги бор?

Гап шундаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бу — ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш баъзавий ҳисоблаш миқдорининг белгиланган миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бу ҳуқуқбузарликнинг алоҳида хусусияти шундан иборатки, мазкур ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир қилса, ушбу ҳуқуқбузарлик жиноят таркибини беради.

Жиноят кодексининг 140-моддасида эса ҳақорат қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса баъзавий ҳисоблаш миқдорининг белгиланган миқдорида жарима ёки мажбурий жамоат ишлари ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Шунингдек, бу борада озодлик чеклаш жазоси ҳам назарда тутилган.

Маълумотларга кўра, фуқаролардан ҳақорат қилиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тушаётган аризалар сони ошиб бормоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда мутасадди ташкилотлар томонидан ҳақорат сўзлар имло луғатини тузиш ишлари бошлаб юборилган. Яқин орада ушбу луғат тўлиқ шакллантирилиб, чоп этилиши режалаштирилган.