Янги тонгнинг баҳоси

10:30 - 15.04.2021

17

Абадият қаршисида инсон умри зарра каби кўз илғамас, киприк қоққудек қисқа. Шу қисқа умрни яшаш ҳам баъзан кимларгадир оғирлик қилади. «Ҳаётдан безиб кетдим!», «Жонимдан тўйдим» деб нолийдиганлар сизлар учун ҳам таниш, албатта. Ваҳоланки, ҳаёт текис йўлдан иборат эмас. Унинг паст-баландидан ўтиш, аччиқчучугини тотиш кишини тоблайди.

Яқинда Навоий вилоятида яшовчи 31 ёшли аёл ўзи ва уч нафар қизининг жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар мени ўйга толдирди. Баён этилишича, аёл ўзи ва қизларини поезд остига ташлашга уринган. Оқибатда болалар омон қолиб, она вафот этган. Аниқланишича, аёл ўғил туғмагани сабаб эри билан жанжаллашганва жонига қасд қилган экан…

Бошқа бир ҳодисада эса аёл ўзи ва болаларини каналга отади. Тақдир ўйинини қарангки, сув аёлни тирик қолдириб, норасидаларни оқизиб кетган. Гўё «бу ношукур бир умр болалар доғини чекиб яшасин» дегандек…

Шу каби воқеаларни эшитганимда, ўз ҳаётимга назар соламан.
Чунки қора кунлар кимнинг бошига тушмаганки, мени аяб ўтган бўлса?!

Умр йўлим равон ва бахтга лиқ тўламидики, ҳаётимдан ҳеч безиб кетмаган бўлсам? Аслида эса мен болаликдан оғир синовга дуч келганман…

ЎЛИМГА ТИК БОРИБ

…Биринчи марта олти ёшимда расм чизганман: тўқ кўк рангли осмон ва чарақлаган юлдузлар. Ҳали исмимни ёзмасимдан олдин яратган бу «асарим»ни онам ҳозиргача асраб қўйган. Чунки оғриқли хотираларим бор унда: илк касалга чалинганим, касалхона, дўхтирлар, уколлар, ингалятор…

Кечалари уйғониб кетардим – нафас йўқ, гўё ичимда бир гала ит томоғимни ғажир эди. Бўғзимга муздек дори пуркашар, унсиз йиғлаётган онам бағрида ҳолдан тоярдим. Сўнг навбатдаги хуружни хавотир билан кутардим: мабодо нафасим қайтмаса-чи? 5-синфда эркин мавзуда иншо ёзганим ҳам эсимда. «Оғриқлар, сизларни ёмон кўраман. Боринглар, кетинглар, юрагимда сизларга жой йўқ.

Ҳали мен катта бўлишим керак» каби жумлалардан иборат эди адашмасам. Хатоларга қарамай «5» олгандим.

Аччиқ таблеткалар, томчи уколлар, ойнага термулиш, қатъий парҳез
– болалигим шундай ўтган. Оқшом чўкиши билан дераза ортидан чарақлаб чиқадиган қуёшни соғинардим. Қуёш чиқиши – янги бир кун инъоми, забт этилмаган келажак туҳфаси эканини англардим. Бугун ёшим улғайиб, аниқ айта оламанки, мен ҳаётни болаликдан ўзгача муҳаббат билан севаман.

Мен чизган илк сурат – қоронғи осмондаги ёрқин юлдузлар тас вири дардли болалигимни ёриб чиққан умидларим, иншодаги жўн жумлалар яшашга иштиёқим ифодаси аслида. Очиғи, ҳозиргача ўлимга қарши шундай курашиб келаман.

«ҲАЁТ НАҚАДАР ГЎЗАЛ…»

Бугун айрим соппа-соғ, эсли-ҳушли кишиларнинг ўз ҳаётига нуқта
қўяётганини, баъзи аёллар болалари билан бирга ўзини йўқ қилишга уринганини мен ҳеч қачон тушуна олмасам керак. Қийинчиликка тушсам, дард хуруж қилса, мендан ҳам ҳоли танглар борлигини ўйлайман. Қайғу ҳам, қувонч ҳам ўткинчилигини эслайман…

Аслида бахт ёнгинамизда, доим ўзимиз билан бирга. Бахтли бўлиш учун инсонга дунё хазинаси керак эмас. Менимча, мўъжазгина бошпанангиз бўлса, бу ҳам бахт. Жигарларингиз саломат, оилангиз омонми, демак, икки карра бахтлисиз. Ўғилми-қизми бағрингизда болангиз борми, демак, дунё тожи бошингизда. Ҳар тонг уйдан ишга, ишдан уйга шошилсангиз – бу ҳам некбинлик. Хотиржам уйқуга ётмоқ, тонгни саломат қаршиламоқнинг асло баҳоси йўқ. Шунчаки разм солинг – ҳаёт нақадар гўзал! Унинг ҳар лаҳзасини инсон каби яшаш керак. Тўрт мучаси соғ бўла туриб нолийдиганлар, ишидан айрилса томирини кесишни ўйлайдиганлар, севгани бошқа биров билан турмуш қурса сиртмоқдан бош қа нарса кўзига кўринмайдиганларни ношукурлар дегим келади. Негаки, инсон орзу-мақсаддан тўхтамаслиги керак, уларга эришиш хамирдан қил суғургандек осон кечмаслиги табиий. Мабодо мақсадга эришиш қи йин бўлса, шунчаки унга борадиган йўлни ўзгартиришга одатланган яхши. Ўткинчи ташвишларга ўралашиб қолсак, ҳаётнинг асл гўзаллигини, тотини унутиб қўйишимиз ҳеч гапмас. Эҳтимол, оғир дардга бўйин эгмай келаётганим ҳам мендаги шу собит фикрлар туфайлидир. Қолаверса, бу ҳаётда борлигимиз, инсон бўлиб туғилганимиз ҳам катта бахт.

…Табиат гулга бурканган айни кунларда менда хуруж кучая боради, шифокорим эса ташқарига чиқмасликни, ҳатто меҳнат таътили олиб, гул-гиёҳсиз жойларда қолишимни таъкидлайди. Аммо ингаляторни кафтларимда маҳкам ушлаганча эрталабдан боғ оралаб ишга шошаман. Ахир табиат уйғонаётган, дов-дарахт гул очаётган дамларни жуда яхши кўраман ва бу мўъжизани асло бой бергим, ўтказиб юборгим келмайди…
ГУЛҲАЁТ