303 миллионлик таъмир ўхшамади

17:30 - 14.04.2021

4

Фарғоналик С.Раҳимов ва Ф.Арабов  (исм-фамилялар ўзгартирилган) қурилиш соҳаси амалдорларидан. Улар осон пул топишнинг минг бир йўлини ўйлаб кўргач, тил бириктириб, давлатнинг пулини ўмариш пайига тушишди.

Ёзёвон туманидаги «Ёрқин юлдуз сайёраси» МЧЖнинг норасмий раҳбари сифати фаолият юритаётган С.Раҳимов «Шоҳрух термо строй» хусусий корхонаси ва «Шукур файз сервис» МЧЖ номидан сохта таклифлар тайёрлаб, таклифдаги имзоларни сохталаштиради. Қалбаки таклифларини Ёзёвон тумани ирригация бўлими биносини таъмирлаш учун Товар-хомашё биржасининг электрон порталида эълон қилинган танловда қатнашиш учун ирригация бўлимига тақдим этган.

Шундан сўнг «Ёрқин юлдуз сайёраси» МЧЖ танловда ғолиб деб топилиб, у билан Ёзёвон тумани ирригация бўлими ўртасида қиймати 303 млн. 363 минг 354 сўм бўлган 1-пудрат шартномаси тузилган.

Мазкур шартномага асосан қурилиш-таъмирлаш ишларига қоғозда 303 363 354 сўм сарфлангани кўрсатилиб, жамият ҳисобига бюджетдан кўрсатилган сумма тўлиқ ўтказиб берилади. Амалда эса 200 млн. 152 минг 554 сўм пул сарфланган бўлиб, 103 млн. 210 минг 800 сўм пул «ҳамкорлар» томонидан талон-торож қилинган. Ушбу жиноят фош этилди ва жазо чоралари қўлланди.